Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллий ўзига хослик билан манманлик орасида жуда катта фарқ бор — Зулфиқор Мусоқов ўзбек киносидаги камчиликлар хусусида (видео)

Миллий ўзига хослик билан манманлик орасида жуда катта фарқ бор — Зулфиқор Мусоқов ўзбек киносидаги камчиликлар хусусида (видео)

Фото: Xabar.uz

Xabar.uz журналисти таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан интервю ўтказди. Унда ижодкор кинодаги камчиликлар, янги режалари ва бошқа фикрлари билан бўлишди. 

Кинода ўз имзосига эга бўлиш менимча жуда қийин, бу тушунча давлатларнинг умумкино саноатини назарда тутиши ҳам мумкин, масалан Ҳиндистон, Эрон, ҳаттоки сўнгги вақтларда эътибор бериш мумкин, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг ҳам ўз стилистикаси шаклланди. Бу саволни сизга беришимга сабаб, ўзбек кино саноатида ўзининг яққол имзосига эга режиссёр сифатида кўпчилик сизни билади. Бу стилистика, имзо қандай шаклланади ва ҳозирда “Ўзбеккино”да ўша “имзо” шаклланиб улгурдими?

– Ўз ижодим ҳақида гапиришни нокамтарлик, деб ҳисоблайман. Тўғрисини айтсам, ўз имзоимга эгаманми, йўқми, буни ҳам билмайман. Бир дўстим айтган эди, ҳар бир миллий кинонинг имзосини режиссёрлар яратади. У режиссёр қанчалик шаклланиб улгурди, буни фақат вақт кўрсатади.

Сериал олишда ҳам тажрибага эгасиз. Балки кузатаётгандирсиз, балки йўқ, лекин сўнгги вақтларда телевидение ёппасига сериал ва теленовелла олишни бошлади, ният яхши, одоб-ахлоқ важида олинаяпти, дейиш мумкин. Лекин ушбу сериаллардан разилликнинг ҳар қандай кўринишини топса бўлади. Бу борада умумий фикрингиз қизиқ ва бу каби бир марталик сериалларни қандай тартибга солиш мумкин?

– Бу бўйича бир неча маротаба ўз фикримни билдирганман. Мен ўзим шахсан телевидениедан йироқ одамман, у ердаги сериаллардан хабарим йўқ, аммо назаримда “бизнинг маҳаллага кирманглар” деган ёзилмаган қонунлар бордек. Сценарий ёзиш профессионалларга берилмайди, берилса ҳам, қалам ҳаққи шунчалик камки, одам ҳайрон қолади. Бунинг учун янги кучлар керак, янги ечимлар керак, акс ҳолда зарар келтиради. Сериалга аввал бошдан профессионал сценарист қўл уриши керак ва профессионал режиссёр ёндашуви муҳим. Буларни тартибга солиш бўйича эса ҳеч нарса дея олмайман.

Қайсидир бир интервьюда Эрон кино саноати мухлисиман дегандингиз, айнан қайси жиҳатлари билан муваффақиятга эришган, деб ҳисоблайсиз?

– Эрон киноматографиясининг энг катта ютуғи, оддийликда, халқ ҳаётини кўрсатиб беришида, улар оддий халқ ташвишлари ва юмушларини акс эттириш орқали бутун дунёга ўз маданиятини кўрсата олишди.

Миллий кино деганда бир қанча саёз фикрларни эшитаман, менталитет “посбон”лари кўпайиб қолгандек. Ўша “Абдуллажон” фильмини олайлик, вақтида “Сен ўзбек маданиятини сезмайсан” деган айбловлар ҳам қўйилган. Ваҳоланк, мана 30 йилки халқимиз яхши кўриб томоша қилиб келяпти. Миллий ўзига хослик билан манманлик орасида жуда катта фарқ бор! Миллий ғурур деймиз, бу дегани бошқа миллатни камситиш ёки ўзини қолганлардан юқори тутиш дегани эмас-ку. Ҳар бир миллат ғурурланаверса, аҳвол нима бўлади? Бутун дунёда содир бўлаётган воқеаларга қаранг.

Тенденциялар хусусида гаплашсак, охирги вақтларда сунъий интеллект пайдо бўлиши жуда кўп соҳаларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Хусусан, матн ва сценарийлар ёзиш, видео яратиш ва хаттоки мульфилмларни яратишда ҳам. Бу борада сизнинг прогнозларингиз қандай? Ўзи умуман Зулфиқор Мусоқов тенденцияларга қайдай қарайди. Анъанага риоя қилиш муҳимми ёки тенденция оқимида сузиш?

– Очиғи, сунъий интеллект мени хавотирга солади. Лекин ишончим комилки, ҳеч қайси сунъий интеллект кино саноатида инсоннинг юзи, кўзи, фикрларини ифода эта олмайди.

Зулфиқор Мусоқов қандай янгиликлар кутсак бўлади?

– Янги фильм устида иш бошладик, ҳозирча ишчи номи “Фудзияма ҳақида тушлар”. Аёлларнинг дарди, фуқароларнинг юмушлари ҳақида шиддатли бир фильм бўлади. Ўзгача йўналиш, умуман, бошқа жанрда суратга олинган. Янги йилгача суратга олишни якунлаш ниятидамиз.

Интервьюни тўлиқ шаклини Xabar.uzнинг YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин!

Маҳфуза Рўйидинова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг