Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бизнинг минтақада учрайдиган хантавируслар одамдан одамга юқмайди» — Фанлар академияси

«Бизнинг минтақада учрайдиган хантавируслар одамдан одамга юқмайди» — Фанлар академияси

Фото: Reuters

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси мутахассислари хантавирус билан боғлиқ вазиятга илмий жиҳатдан изоҳ берди.

Кемадаги воқеа: «Andes» штамми нимаси билан фарқ қилади?

Май ойи бошида Атлантика океанида ҳаракатланаётган халқаро кемалардан бирида хантавирус тарқалди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу ҳолатга хантавируснинг фақат Жанубий Америкага хос бўлган «Andes» (Andes virus) штамми сабаб бўлганини тасдиқлади.

Таъкидланишича, ушбу штамм ҳақиқатдан ҳам одамдан одамга юқиш хусусиятига эга. Бироқ бунинг учун оддий йўтал етарли эмас. Вирус фақат ўта яқин ва узоқ муддатли мулоқотда — масалан, битта каютда яшаганда ёки ҳимоясиз беморни парвариш қилганда юқиши мумкин. У грипп ёки COVID-19 каби ҳаво орқали тез тарқалмайди. Халқаро экспертлар дунё аҳолиси учун хавф даражасини жуда паст деб баҳоламоқда.

Ўзбекистонликлар хавотир олиши керакми?

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда одамдан одамга юқувчи «Andes» штамми умуман мавжуд эмас ва ҳеч қачон қайд этилмаган.

Маҳаллий вируслар хавфсиз: минтақада учрайдиган хантавируслар одамдан одамга юқмайди. Инфекция манбаи фақат ёввойи кемирувчилар — сичқон ва каламушлар ҳисобланади. Вирус уларнинг чиқиндилари аралашган чангни нафас орқали ютиш ёки сифатсиз сақланган озиқ-овқат истеъмоли орқали юқиши мумкин.

Фанлар академияси олимлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги табиий ўчоқларни доимий назорат қилиб бормоқда. Хабарда айтилишича, вазият тўлиқ барқарор.

Нима қилиш керак?

Мутахассислар фикрича, ваҳимага берилмасдан, оддий гигиена қоидаларига амал қилиш кифоя:

  • Узоқ вақт ёпиқ турган дала ҳовли ёки ертўлаларни тозалаганда албатта ниқоб тақиш ва чанг кўтарилмаслиги учун намлаб тозалаш;
  • Озиқ-овқат маҳсулотларини кемирувчилар ета олмайдиган ёпиқ жойларда сақлаш.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг