Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифини бошлади

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Боку шаҳрига етиб борди.
Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда давлатимиз раҳбарини Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташриф давомида Ўзбекистон етакчиси Боку, Хонкенди, Шуша ва Ағдам шаҳарларида бўлади.
Бугун икки мамлакат етакчилари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказадилар, «Ўзбекистон» боғига тамал тоши қўядилар ва Ўзбекистоннинг Бокудаги элчихонаси янги биносини очиб берадилар.
Эртага Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев мулоқотни Озарбайжоннинг Қорабоғ туманида давом эттириб, Хонкендидаги қўшма тикувчилик фабрикаси ва Ағдам шаҳридаги «Иморат» тарихий-меъморий мажмуаси билан танишадилар.
Ташрифга тайёргарлик доирасида саноат кооперацияси бўйича салмоқли келишувлар тўплами шакллантирилган.
Ташрифнинг тадбирларга бой дастури 2024 йилда иттифоқчилик мақомини олган Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг мисли кўрилмаган юксак даражага чиққанини кўрсатади ҳамда икки давлат раҳбарларининг аввалги учрашувларида эришилган келишувларнинг мантиқий давомидир.
Манба: president.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter