Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Митти ҳикоялар: Йўловчи, тақдир, «паҳлавон»...

Митти ҳикоялар: Йўловчи, тақдир, «паҳлавон»...

фото: https://klev.club/

                                                          Яхшилик

Ҳайдовчини тўхтатган йўловчи зирқираб турган ориятнинг ҳазин оҳангида минг хижолатпазликда йўлкиранинг ярмини узатиб деди:

– Шугина қолганди...

Ҳайдовчи йўқ маъносида бош силкиб газни босди.

– Тўхтанг! Олинг, шу йўловчини, мана йўл ҳақи.

Автоулов ичидаги киши пул узатди.

Машинани ўн одимча ҳайдаган ҳайдовчи уни қалтис тўхтатиб ҳалиги йўловчини чақирди.

– Келақол, майли.

Ёш йўловчи қимтиниб ўтиргач, пулини узатди.

Ҳайдовчи ойна орқали олдинроқ пул тўлаган кишининг кўзларига қараб «Сен учун тўлашди» деб ишора қилмоқчи эди, бироқ у кишининг кўзлари йўқ ишорасини қилиб ёнди ва ҳайдовчининг тили бошқача айланди:

– Олиб қўй, талаба экансан.

Сукут бошланди.

Кейинги бекатда ўша сирли киши тушиб кетди.

– Бу киши қариндошингми?

– Йўқ, – талаба тушунмади.

– Шунчаки сўрадим. Эътибор берма.

Ёш йўловчи манзилга етганда деди:

– Раҳмат сизга, яхши одам экансиз.

Ҳайдовчи бир хўрсиниб олди-ю, бироқ гапирмади. Гапиролмади.

                                                      Тақдир кулгуси

Қиз бинога шундоққина киришдаги ғариб жойда мағрур ўтирган жулдур кийимли кўзлари ёниб турган йигитни мазахлаб кулиб ўтиб кетди. Орадан ўн йил ўтиб – бойвачча отасининг вафотидан сўнг оддий пол ювувчи бўлиб унинг қўлида ишлашини билмасди ҳали.

Мана шу назарга илмайдиган аччиқ кулгу туфайли қасдма-қасд ҳаракат қилиши натижасида, омад қуши қўнган йирик сармоядор бизнесменга айланишини йигит ҳам ҳали билмас эди!

                                                       Ҳукм

Серқатнов йўл четида жойлашган кўп қаватли турар-жойда омонатини топширган уй соҳибининг кўзлари йиғидан қизарган қизи марҳум онасининг халатини эгнига ташлаганча паришон ҳолда пиёдалар йўлакчасини кесиб ўтарди.

Шу пайт бир неча кундан бери кўриниш бермаётган хўжайинини соғинган ит пайдо бўлди. У узоқдан катта тезликда яқинлашиб келаётган машинани кўрди-да, жон алфозда югуриб келиб йўл ўртасига чиқди ва қаттиқ ҳурди. Қиз бундан ногоҳ сергакланиб, муқаррар ҳалокатдан ўзини четга олиб жони омон қолди. Ит эса «вов-вов» дея ғилдирак остида қолиб кетди.

Ҳайдовчининг «ақлсиз махлуқ...» деб сўкинган овози ҳавода муайян вақт муаллақ қотиб, сўнг ўз эгасини қидирганча учиб кетди.

                                                          Дарс

«Отининг ҳориганини сезиб жиловни тошлоқдан ўтлоқ томонга бурган ўн беш ёшли чавандоз болакай йиллар ўтиб юксак мансабни эгаллаган чоғида ҳам шундай сезгирлигини йўқотмаса қанийди», дея унга ҳавас билан қараб қолди қария Давлатқул.

Ошнаси Сергак чол илмоқли қилиб қайси бир кинода эшитган гапини эслатди:

– Тарих такрорланади.

                                                         Тараққиёт

ХХ асрнинг осмонўпар биноси томида туриб писта пўчоғини пастга бепарво ташлаганча бу шахсий иншоотда якка ўзинигина дунёнинг энг юксак кишиси санаб ўтирарди жаноб. У милоддан уч минг йил аввал пирамида тоқига чиқиб шундай хаёл суриб хато қилган фиръавндек кулгили кўринарди.

Худди шу лаҳзада пастда журнал варақлаб, мутолаа қилганча ўтиб кетаётган талаба «Космонавтика ва архитектура» мавзусида илмий мақоласи чоп этилганидан мамнунлигини яширолмай жилмаярди.

                                                 

                                                         Бозорда

Оғир атлетика бўйича ўзининг кўчасида мутлақ биринчиликка даво қилаётган ёш йигит гўёки дунёдаги энг оғир буюмни – кўнгил қўйган қўшни қизининг бежиримгина сумкачасини кўтариб олганди. У маҳбубаси билан расталар оралаб юраркан, орқасига халта кўтариб ўтиб кетаётган қадди камон кампирни кўриб ўзича ғўлдиради:

– Бозорда эркаклар қолмабди-да!

Бобур Нусратов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг