Митти ҳикоялар: отанинг ёқасига ёпишган қўллар, алла ва бева...
Васваса
– Марҳума охирги марта сизнинг уйингизга келган экан, у қаёққа кетаётгани ҳақида бирор гап айтганмиди?
– Ўғрини топинглар, илтимос! – додлаб юборди дугонасига тақинчоқларини бериб турган Ҳалима бошини чангаллаб...
Ўғилнинг қўли
Беш ёшли Баҳромжон кўчадан югуриб келиб, онасининг «ҳай-ҳай»лашига қарамай меҳмонхонага кирди. У ўтирганларга эътибор ҳам бермай дадасининг чўнтагига қўлини солди:
− Дада, пул беринг, − деди ва ҳали жавобини кутмасданоқ бор пулларни олиб, яна кўчага югурди.
Бекзод ака улфатлари олдида нима деярини билмай хижолатомуз илжайиб, «бола-да» деб қўйди.
Мана йигирма беш йилдирки, ҳеч нима ўзгармади, фақат бир ҳолатдан ташқари: энди қўллар чўнтакдан ёқага кўчган!
Дадамни қайтаринг
Эсимда қолгани: дадам ҳар кун ичиб келиб уйда жанжал қиларди. Эртасига эрталаб «ичмайман, агар яна ичсам ит бўлай» дерди-ю, аммо кечқурун яна ўша аҳвол: уст-бошлари чанг, бир қўлларида портфель, биттасида ароқ билан қайтарди...
Ишга кетиб қайтмаганига уч йил бўлди. Ҳануз дарак йўқ. Укам билан ҳамма ёқни изладик, ҳатто итхоналарни ҳам...
Агар кимдир бир қўлида портфель, бир қўлида ароқ, уст-боши тўзиган одамни кўрса, ўша менинг дадам бўлади. Илтимос, айтинглар, кўп ичмасин ва яна айтингки, ўғлингиз Ёқубжон сизни жудаям яхши кўради, у сизни уйда интизорлик билан кутяпти, денг.
Дадамни қайтаринг, яхшилар!
Она
– Ўғил кутяпсизми, қизми?
– Фарзанд кутяпман.
Қайнотанинг совғаси
– Бугун хотиним билан ажрашдик.
– Шунга хафамисан?
– Ҳозир уйга борганимда чемоданда кимнинг кийимлари бўлишини ўйлаяпман.
Алла
Нигина деразани тарақлатиб очди-ю, ҳовлида қўғирчоғига алла айтиб турган овсинининг қизчасига бақирди:
− Овозинг ўчсин, боламни уйғотиб юборасан!
Бева
Бу оддий операциядан мингдан бир киши тирик чиқмаслиги мумкин эди. Афсус, Назаров шу омадсизлардан бири бўлди. Лекин операция муваффақиятсиз ўтганининг сабаби бутунлай бошқа...
Жарроҳ Ғуломов Матлубанинг бемор Назаров ётқизилган палатадан чиқиб кетаётганида кўрган, юрагида англаб бўлмас ҳиссиётлар уйғонган эди.
− Бу аёл беморнинг кими бўлади? − деб сўраганди у ҳамширадан.
− Икки кундан буён шу ерда, хотини бўлса керак...
Нилуфар Обидова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter