Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мўғулистондан Ўзбекистонга экспорт қилинадиган 15 минг бош қўй тайёр

Мўғулистондан Ўзбекистонга экспорт қилинадиган 15 минг бош қўй тайёр

13 август куни Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги давлат котиби Жамбалсэрэн Тумур-Уяа бошчилигидаги делегацияни, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Ильзат Қосимов қабул қилди.

Учрашув аввалида вазир ўринбосари Ильзат Қосимов, сўнгги бир йил давомида икки мамлакат президентларининг ўзаро ташрифлари якунлари бўйича эришилган келишувлар қисқа муддат ичида амалга оширилаётганини таъкидлади. Масалан, Ўзбекистон томони Мўғулистондан 100 минг бош тирик қўй ва эчки сотиб олишга рози бўлган ва биринчи партиядаги 15 минг бош қўй жўнатишга тайёр экани маълум қилинди.

У шунингдек, ушбу ишни фаоллаштиришда кўрсатган кўмаги ва илгари муҳокама қилинганидек, экспорт божларига имтиёзлар бериш ҳақидаги қарор учун Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Энхбаяр Жадамбуга миннатдорлик билдирди.

Бундан ташқари, Мўғулистондан Ўзбекистонга экспорт қилинаётган қўй гўшти мамлакат истеъмолчилари орасида талабга эга эканлиги таъкидланди. Маълум қилинишича, келгусида Мўғулистонда қайта ишланган қўй гўшти мамлакатдаги йирик савдо тармоқларига тўғридан-тўғри сотилиши мумкин.

Ильзат Қосимов хусусий сектор икки томонлама гўшт савдоси тармоғини яратишда асосий ўрин тутиши ҳақида айтиб, мўғул гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини Ўзбекистонда фаолият юритишга таклиф қилди. Шунингдек, у ушбу йўналишда жун саноатларида ҳам кенг ҳамкорлик имкониятлари мавжудлигини таъкидлади. 

Манба: centralasia.media

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг