Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муддатидан олдин овоз бериш: қонуний асослари ва тартиби

Муддатидан олдин овоз бериш: қонуний асослари ва тартиби

Аслида муддатидан олдин овоз бериш бу юридик воқелик, юридик факт ҳисобланади. Чунки сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу ўринда муддатидан олдин овоз беришнинг ҳуқуқий асослари ҳақида фикр юритганда, Конституциямизнинг 128-моддаси (cайлов тизими), Сайлов кодексининг 57-моддаси (муддатидан олдин овоз бериш), “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низомга (8-боб) бунга доир меъёр белгилаб қўйилганини қайд этиш жоиз.

Айтиш керакки, Сайлов кодексининг 57-моддасига киритилган қўшимчага кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан эмас, балки Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.

Шу ўринда табиий савол туғилади: хўшп, муддатидан олдин овоз бериш қандай тартибда амалга оширилади? Кимлар бундай ҳуқуққа эга?

Сайлов участкаси ҳудудида вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар томонидан муддатидан олдин овоз берилганда, участка сайлов комиссияси аъзоси муддатидан олдин овоз берган сайловчини СЖБАТдан қидириб топади ва муддатидан олдин овоз берган сайловчи сифатида белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар доимий яшайдиган участка сайлов комиссиясини хабардор қилади.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Ва бу ҳақда сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади.

Яъни айни сайлов кунида бўла олмасликнинг сабаблари кўрсатилади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади. Унга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У ўзи томонидан тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради. Қайд этиш лозимки, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

Хулоса қилиб айтганда, муддатидан олдин овоз бериш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалда таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

                                                        Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ
Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
эксперт гуруҳи аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг