«Муҳаммад ал-Хоразмий» ва «Муҳандис қизлар» стипендиялари таъсис этилади
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни маълум қилди.
Давлат раҳбарига кўра, энди ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг 3-босқич талабалари IT паркда дуал таълим тизими асосида таҳсилни давом эттиради.
Шунингдек, мазкур йўналишларда таҳсил олаётган иқтидорли талабалар учун «Муҳаммад ал-Хоразмий» номидаги давлат стипендияси жорий этилади. Муҳандислик, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларида таҳсил олаётган иқтидорли қизлар учун эса «Муҳандис қизлар» стипендияси таъсис этилади.
Қайд этилишича, янги ўқув йилидан ушбу стипендиялар давлат олийгоҳлари билан бир қаторда хусусий олий таълим муассасалари талабаларига ҳам берилади.
Президент, шунингдек, кимё, биология, физика, математика ва информатика фанлари бўйича халқаро олимпиадалар ғолибларини рағбатлантириш тизими сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиадалар ғолибларига ҳам татбиқ этилишини маълум қилди. Энди мазкур олимпиадалар ғолиблари 1 миллиард сўм, уларнинг устозлари эса 200 миллион сўм миқдоридаги мукофот билан тақдирланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter