Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мянмада 2,2 кило оғирликдаги ёқут топилди

Мянмада 2,2 кило оғирликдаги ёқут топилди

Фото: Мянма ахборот вазирлиги

Мянмада 11 минг карат (2,2 килограмм) оғирликдаги ёқут топилди. Бу ҳақда мамлакат ахборот вазирлиги хабар берди.

Ёқут Мянмадаги қимматбаҳо тошлар қазиб олинадиган асосий ҳудуд — Мандалай яқинидаги Могок туманида топилган. Бу тош сифати ва ранги бўйича аввалги топилмалардан устунликка эга. Экспертларнинг фикрича, у 1996 йилда топилган 21,45 минг карат (4,3 кг) оғирликдаги ёқутдан ҳам қимматлироқдир. Тошнинг тахминий баҳоси эълон қилинмади. Шунингдек, уни айнан ким топганига ҳам аниқлик киритилмаган.

Топилма тўқ қизил ранг ва сарғиш тусга эга бўлиб, ўртача шаффофлиги ҳамда шишасимон ялтироқлиги билан ажралиб туради. Тошга ишлов берилмаган, у табиий кўринишини сақлаб қолган.

Мянма жаҳон бозорига нефрит ва бошқа қимматбаҳо тошларни етказиб берувчи мамлакатлардан саналади. Қонунларга кўра, кончилар қимматбаҳо топилмалар ҳақида ҳукуматни хабардор қилишлари шарт, шунга қарамасдан мамлакатда қимматбаҳо тошлар қора бозори мавжуд.

Маълумот учун: 2015 йилда Женевадаги Sotheby’s аукционида 25,59 каратли ёқут 30,33 миллион долларга сотилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг