Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоий: ўлим гувоҳномаси марҳум вафотидан 10 йил ўтгач берилди

Навоий: ўлим гувоҳномаси марҳум вафотидан 10 йил ўтгач берилди

Фото:«IP.Spravka.ru»

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида истиқомат қиладиган Ойзода Исломова вафот этганига 10 йил бўлган фарзанди учун ўлим ҳақидаги гувоҳнома олишда ёрдам сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилди.

Исломованинг айтишича, унинг фарзанди Нурбек Қувондиқов маҳалла ҳудудидан ўтувчи «Човли» каналида оқиб кетган. Оила йиллар мобайнида боласининг ўлими тўғрисидаги фактни белгилатолмаган. Уларнинг 10 йил давомида ўлим ҳақидаги гувоҳнома ололмаслиги ҳам айнан шу билан боғлиқ.

Адлия бўлимига Навбаҳор тумани Қизилработ маҳалласи томонидан тақдим этилган далолатномада маълум қилинишича, Қувондиқов Нурбек Бозор ўғли ҳақиқатдан ҳам Б.Қ.Исломов ва О.М.Исломоваларнинг фарзанди. Бола 2005 йилда туғилган бўлиб, 2010 йилнинг октябрь ойида «Човли» каналида оқиб кетиши оқибатида вафот этган. Дафн маросимлари белгиланган тартибда ўтказилиб дафн этилган.

Аммо мазкур ўлим ҳолати Навбаҳор туман ФҲДЁ бўлимининг далолатнома ёзувларини қайд этиш журналларида мавжуд бўлмаган. Бўлимнинг ўлим ҳақида далолатнома ёзувини тиклашни рад этиш хулосасида боланинг вафотини тасдиқловчи асослар етарлича эмаслиги кўрсатилган.Боиси, майит суд тиббий экспертиза бўлинмасида текширувдан ўтказилмаган.Табиийки, бу тўғридаги маълумот руйхатга олиш дафтарида йўқ. Ҳудуддаги 11-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси  ҳужжатларида Н .Қувондиқовнинг  ўлими қайд этилмаган.

Эътиборлиси, қабристон журналларида ҳам Н.Қувондиқовнинг шу ерга дафн этилгани тўғрисида маълумотлар йўқ. Суриштирувлар давомида қабристонинг дафн этилганлар ҳақида маълумотлар сақланадиган журнали 2013 йилдан юритила бошлангани маълум бўлди. Ҳудуд аҳли ва қабристон қоровули О.Исломованинг фарзанди вафот этгани ва кўмилганини тасдиқлаган. 

Навбаҳор тумани адлия бўлими томонидан йиғилган маълумотлар ва Фуқаролик процессуал кодексининг 4, 26, 293-295-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.04.2018 йилдаги ПҚ–3666-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида»ги Низомга асосан фуқаро манфаати учун судга даъво аризаси киритилиб, мурожаат ижобий ҳал этиб берилди.

Нурали Исроилов,
Навбаҳор тумани адлия
бўлими бошлиғи

                                                                    

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг