Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийда ахборот хизмати ходимлари ва блогерлар ўқитилмоқда

Навоийда ахборот хизмати ходимлари ва блогерлар ўқитилмоқда

Навоий вилояти юридик техникумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамкорликда журналист, ахборот хизмати ходимлари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида малака ошириш курси ташкил этилди.

Очиқлик ва эркинлик тамойилларига асосланган семинарда жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этишда жамоатчилик назоратининг роли, бу борада фойдаланиладиган усул ва шакллар, бунда журналист ва матбуот хизматларининг позицияси ҳақида сўз борди.

— Ошкоралик шароитида ҳар ким рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга, камчилик ва муаммоларга ўз фикрини билдириши мумкинлигини эсдан чиқармаслигимиз керак, — дейди юридик фанлар номзоди Шуҳрат Раҳмонов. — Жамоатчилик фикрини шакллантиришда, шунингдек, инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўйига путур етказмасдан холис ва ҳаққоний материаллар тайёрлашда журналистларнинг ҳуқуқий билими, ўзинг ҳақ-ҳуқуқларидан қонунда белгиланган тартибда фойдалана олишига бевосита боғлиқ. Шу маънода ҳар бир журналист, блогер ва матбуот котиблари соҳадаги қонун ҳужжатларидан хабардор бўлиши ва уни амалиётда кенг қўллаши фойдадан холи бўлмайди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг тажрибали ҳуқуқшунослари Шуҳрат Раҳмонов ва Маҳкам Воҳидовлар ахборот ва сўз эркинлиги, ахборот майдонидаги ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш ҳамда уларга ўз вақтида муносабат билдиришда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш, амалий натижаларни кўрсатиш зарурлиги ҳақидаги фикрлари иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.

Ахборот олиш ҳамда уни тарқатишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга бағишланган ушбу ўқув курси давом этмоқда.

Бахтиёр Тошназаров,
Навоий вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар
бошқармаси бош мутахассиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг