Навоийдан… Томдигача. Ёки рақамли технологиялар кирмаган эшик қолмайди
Ахборот асридамиз. Ахборот технологиялари деярли барча соҳаларни эгаллаб бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Йирик саноат марказларидан тортиб то олис овулларгача, ҳатто чўпон ўтовигача бугун интернетнинг қадами, нафаси етиб борган.
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш концепциясининг ишлаб чиқилиши соҳада ана шу инновацион ривожланиш босқичларини янада жадаллаштирди ва мустаҳкамлади дейиш мумкин.
Навоийда ҳам худди ана шундай Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилди. Ушбу марказ «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг Навоий филиалига тегишли бинога жойлаштирилди.
– Ҳозирги кунда вилоятимизда 17940 тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётган бўлиб, шулардан фақатгина 25тасигина дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчи корхоналарга тўғри келади, – дейди вазирликнинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Алишер Нарзиев. – Ушбу корхоналар томонидан 1396 млн. сўмлик (2018 йил давомида) хизматлар кўрсатилган. Рақамли технологиялар ўқув марказининг асосий вазифалари сифатида ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, робототехника ва бошқа йўналишларда ўқувчиларни ўқитиш, технологик ва инновацион тадбиркорлик асосларини оммалаштириш, бизнес-инкубация ва истиқболли стартап-лойиҳаларни молиялаштириш кўзда тутилмоқда.
Бугун Навоий вилояти аҳолисининг 55,4 фоизини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларни ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, замонавий билим ва кўникмаларини бериш ҳамда шу йўл билан даромадини ошириш мақсадида вилоятнинг барча (ўнта) шаҳар ва туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказларини яратиш таклиф этилмоқда. Мазкур марказларни ташкил этишнинг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, марказ ўзида компютер синфлари, музокаралар ўтказиш хонаси, видеоконференцалоқа студияси ҳамда марказ маъмурияти учун мўлжалланган хоналар билан таъминланади.
Марказларда ёшлар учун ахборот технологиялари бўйича ўқув курслари дастури ишлаб чиқилади. Жумладан:
- 9-15 ёшли ёшлар учун компютердан самарали фойдаланиш, дастурлаш асослари, компьютер графикаси ва дизайн, робототехника каби ўқув курслари;
- 16-19 ёшли ёшлар учун компютер графикаси ва дизайн, веб дизайн асослари, дастурлаш тиллари, тизим ва тармоқларни бошқариш йўналишларида ўқув курслари;
- 20-30 ёшли IT-тадбиркорлик соҳасида ўз бизнесини ташкил қилмоқчи бўлган ёшлар учун IT-тадбиркорлик асослари ва лойиҳаларни бошқариш, веб ва мобил иловаларни яратиш каби ихтисослашган ўқув курслари ташкил қилиниши кўзда тутилмоқда.
Марказлар инфратузилмасидан самарали фойдаланиш, уларга қўшимча молиялаштиришни жалб қилиш мақсадида ҳокимликлар, давлат ва хўжалик органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун ҳам ахборот технологиялари йўналишида кундузги ва кечки курслар ташкил этилиши режалаштирилган. Бунда давлат ва хўжалик органлари мутахассислари «Электрон ҳокимият», «Рақамли иқтисодиёт», «Электрон соғлиқни сақлаш», «Ақлли шаҳар» ва «Ақлли қишлоқ» каби йўналишларда, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва аҳоли эса «Ақлли қишлоқ хўжалиги», «Электрон тижорат», «Бизнесни бошқариш» каби йўналишларда ўқитилади.
Ўқув марказларида IT-тадбиркорликни инкубация ҳамда венчур молиялаштириш усуллари билан рағбатлантиришга эришилади. Бунда инкубация ахборот технологиялари йўналишидаги стартап-лойиҳаларни ишлаб чиқиш босқичидан то уни тижоратлаштириш босқичигача бўлган жараёнларда қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Венчур молиялаштириш эса энг истиқболли стартап-лойиҳаларга молиявий ресурсларни тақдим этиш орқали уларни тўлақонли компанияга айлантириш, бизнесни янада кенгайтириш ва фойда олишни назарда тутади.
Соҳа мутахассисининг таъкидлашича, етакчи хорижий мамлакатларнинг ахборот технологиялари ва стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича илғор тажрибалари шуни кўрсатмоқдаки, Ҳиндистонда 2019 йилга келиб 7700га яқин стартап-лойиҳалар ишга туширилган ва мазкур лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми 1,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этган. Шунингдек 210та бизнес-инкубатор ҳамда тадбиркорлар учун 500та ахборот технологиялари лабораториялари ўз фаолиятларини юритмоқда. Шу билан бирга, Исроилда ҳар йили 1000дан ортиқ технологик стартап-лойиҳалар ишга туширилиб, 300га яқин ўқитиш ва ишлаб чиқариш IT-марказлари ва 260та ахборот технологиялари йўналишида венчур компаниялар фаолият кўрсатмоқда.
Рақамли технологиялар ўқув марказларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларида замонавий талабларга мос электрон ҳукумат доирасидаги ахборот тизимлари, давлат корхоналари ва хусусий секторда эса ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш каби ихтисослаштирилган ахборот тизимларини яратиш бўйича буюртмалар билан таъминлаш режалаштириляпти. Бу эса, ўз навбатида, марказлар фаолиятини янада ривожлантириш, уларни қўшимча молиялаштириш ҳамда IT-тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга замин яратади.
Ахборот асрининг яна бир ютуғи навоийликларни бениҳоя хурсанд қилди.
Маруса Ҳосилова,
«Хаbаr»нинг Навоий вилоятидаги мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter