Наврўз – вақтни енгган байрам

У уч минг йиллик тарихга эга. Бугун эса 12 дан ортиқ мамлакатда расмий байрам сифатида нишонланади: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Туркия ва Ироқда. Ҳар йили 500 миллиондан ортиқ одам уни нишонлайди. У шунақа гўзал, майин, хушифор ва баракали байрам. Лекин унинг узоқ тарихи қадар улкан дарди, орқасига урилган пичоқлари ҳам кўп. Шунга қарамай у биз билан, биз у биланмиз.
Наврўз қачон ва қаерда пайдо бўлган?
Наврўз – инсоният тарихидаги энг қадимий ва умрбоқий байрамлардан бири. Наврўзнинг келиб чиқиши ҳақида Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк», Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Умар Ҳайёмнинг «Наврўзнома» асарларида баён қилинган.
Хусусан, Беруний Наврўзнинг тарихини Эрон подшоҳи Жамшид номи билан боғлайди. Шоҳ Жамшид ер юзидаги ҳаёт учун қулайликлар яратиб, одамлар ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшган дейди. Шунинг учун ҳам унинг номи билан бу байрам юз йиллар давомида нишонлаб келинган.
Авестога кўра, Наврўзга Турон ҳукмдори Афросиёб томонидан Эрон подшоҳи Сиёвуш ўлдирилган кун деб таъриф берилади. Шунингдек, бу кун янги йилнинг бошланиши сифатида алоҳида аҳамият касб этган. Фирдавсийнинг «Шоҳнома» эпосида Наврўзнинг вужудга келиши афсонавий подшоҳлар Қаюмарс ва Жамшид образларига боғланган.
Баъзи тадқиқотчилар эса унинг тарихи 25-30 асрга бориб тақалишини қайд этадилар. Шу билан бирга, Наврўз аслида инсониятнинг табиат, астрономия ва бутун борлиқ ҳақидаги юз минглаб йиллик эмпирик билимлари натижасида шакллангани ҳам муҳим жиҳатдир.
Хўрланган ва тикланган Наврўз
Наврўз асрлар давомида турли давлатлар, мафкуралар, динлар ва ҳатто динсизлик даврларидан ўтиб, бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмаган.
У ўз тарихи давомида бир неча марта тақиқланган ёки нишонланиши чекланган. Бу асосан мафкуравий, диний ва сиёсий сабаблар билан боғлиқ бўлган.
Масалан, Ислом дини Марказий Осиёга тарқала бошлаган даврда баъзи халифалар Наврўзни «бегоналар анъанаси»деб ҳисоблаб, уни нишонлашни чеклашга ҳаракат қилишган. Хусусан, 8-асрда Аббосийлар халифалигида халифа Мансур ва Харун ар-Рашид Наврўз муносабати билан совға бериш анъанасини бекор қилишга уринган. Аммо Наврўз халқ орасида шунчалик чуқур илдиз отган эдики, ҳатто халифаларнинг саройида ҳам уни нишонлаш давом этган.
Чингизхон ва унинг ўғиллари Марказий Осиёни босиб олганидан кейин маҳаллий маданиятларнинг таъсирини камайтиришга ҳаракат қилишган. 1220-йилларда Чингизхоннинг ўғли Чиғатайхон Наврўзни нишонлашни чеклаган, чунки унингча, бу анъана туркий ва эронлик халқларнинг миллий ўзлигини кучайтирган. Аммо бу тақиқ узоққа бормаган, чунки кейинги Чиғатай хонлари бу байрамни қайта тиклашга мажбур бўлган.
Совет давлати мафкурасида миллий ва диний байрамларга қарши кураш кучли бўлган. Наврўзни «дин билан боғлиқ, эски замон қолдиғи» деб ҳисоблашган. 1920-йилларда Совет ҳукумати Наврўзни расмий тақиқлади, бироқ халқ уни яширинча нишонлашда давом этди. 1960-1970-йилларда Туркистон, Бухоро ва Самарқандда Наврўз нишонлангани учун айрим зиёлилар таъқиб қилинган. 1980-йилларга келиб, Наврўз қайта тиклана бошлади ва 1988-1989 йилларда Марказий Осиё республикаларида расман қайтиб келди.
2009 йили Наврўз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган бўлса, 2010 йили БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 21 март «Халқаро Наврўз куни» сифатида эълон қилинди.
Кўриниб турибдики, Наврўз асрлар давомида мафкуравий, диний ва сиёсий босимларга қарамай, халқ орасида сақланиб қолган. Бу унинг умуминсоний маданий қадрият сифатидаги муҳимлигини кўрсатади.
Ўзбекистонда Наврўзга оид давлат сиёсати
Ўзбекистонда Наврўз байрами 1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида қайта тикланди. Хусусан, малкат Мустақилликка эришганидан сўнг Наврўз байрами давлат томонидан алоҳида эътиборга олинди. 1991 йилдан бошлаб мамлакат миқёсида расмий нишонлана бошлади, 1992 йилда эса 21 март расмий равишда байрам ва дам олиш куни деб эълон қилинди.
1994 йилдан бошлаб Наврўз мамлакатнинг асосий миллий байрамларидан бири сифатида давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Ҳар йили президент иштирокида кенг кўламли тадбирлар ўтказилиб, Наврўзнинг миллий маданият ва анъаналарни мустаҳкамлашдаги ўрнига эътибор қаратилади. Айнан 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Наврўз умумхалқ байрами сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ҳамон Наврўз байрами давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланади. Ҳар йили Президент қарори билан Наврўзга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича махсус тадбирлар режаси тасдиқланади. Масалан, 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрами «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остида нишонланиши режалаштирилган.
Давлат Наврўзни нафақат байрам сифатида, балки миллий бирлик ва анъаналарни тиклаш воситаси деб кўради. Ҳар йили мамлакатнинг турли ҳудудларида халқ сайиллари, концерт дастурлари, театр саҳналари ва миллий таомлар фестиваллари ташкил этилади. Қишлоқ жойларидаги аҳоли учун давлат томонидан хайрия тадбирлари ўтказилиб, кам таъминланган оилаларга, кексалар ва имконияти чекланган кишиларга моддий ёрдам кўрсатилади.
Наврўз нафақат маданий, балки экологик аҳамиятга эга байрам сифатида ҳам қўллаб-қувватланади. Байрам муносабати билан ҳудудларда дарахт экиш, ҳашарлар, ободонлаштириш тадбирлари ўтказилади. 2020 йилдан бошлаб «Яшил макон» дастури доирасида Наврўз арафасида миллионлаб дарахтлар экилиши анъанага айланган. Бу ташаббус муҳитни яхшилаш ва иқлим ўзгаришларига қарши курашиш йўлидаги давлат сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.
Наврўз Ўзбекистоннинг халқаро имижи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Наврўзни жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида тарғиб этишга катта эътибор қаратади. 2009 йилда Наврўз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилиши жараёнида Ўзбекистон фаол иштирок этган. Шунингдек, 2010 йилда БМТ 21 мартни Халқаро Наврўз куни деб эълон қилганида ҳам Ўзбекистон бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Мамлакатда Наврўз байрами доирасида турли давлатларнинг маданий ва дипломатик учрашувлари ўтказилиб, туркий ва форсий маданиятларга мансуб халқлар ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Наврўз ҳақидаги статистик маълумотлар
Наврўз 12 дан ортиқ мамлакатда расмий байрам сифатида нишонланади, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Туркия ва Ироқ.
300 миллиондан ортиқ одам ҳар йили Наврўзни нишонлайди.
Ўзбекистонда Наврўз
Ҳар йили март ойида Наврўз муносабати билан 10 000 дан ортиқ маданий тадбирлар ўтказилади.
2024 йилда Наврўз байрамида 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик оммавий тадбирларда иштирок этган.
Иқтисодий ва сайёҳлик аҳамияти
Наврўз кунлари туризм оқими 20-30 фоизга ошиб, меҳмонхоналар бандлиги 80-90 фоизга етади.
Байрам муносабати билан бозорларда қовурилган дон, сумалак ва бошқа миллий таомларнинг савдоси 40-50 фоизга ўсади.
Наврўз даврида Ўзбекистонда 5 000 га яқин сайёҳлик тадбирлари ташкил қилинади.
Наврўз ва халқ анъаналари
Наврўз кунлари жаҳонда 100 га яқин турли маросимлар ва анъаналар амалга оширилади.
Сумалак пишириш анъанаси 15-20 соат давом этади ва бу жараёнда ўртача 20-30 киши қатнашади.
Байрам муносабати билан ўтказиладиган халқ сайилларида миллионлаб одамлар иштирок этади.
Шахноза Соатова,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter