Назарбоев ҳақидаги китоб учун яширин равишда гонорар тўлангани ошкор бўлди
Қозоғистон ҳукумати британиялик собиқ вазир ва ёзувчи Жонатан Айткенга Нурсултон Назарбоев ҳақида китоб ёзгани учун мўмай қалам ҳақи тўлагани ошкор бўлди. Бу ҳақда «The Guardian» газетаси «Пандора ҳужжатлари» маълумотларига таянган ҳолда хабар беради.
«2010 йилнинг апрелида Жонатан Айткен Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев васф этилган янги китоби тақдимоти учун Вашингтонга парвоз қилади... У ўз нутқида энг муҳим жиҳат – Қозоғистон ҳукумати ҳамкорлик қилувчи PR компания китоб учун буюртма бергани ва яширин равишда гонорар тўлаганини очиқламайди. «Пандора ҳужжатлари»га кўра, Айткен ўз адабий меҳнати учун 166 минг фунт стерлинг олган», – деб ёзади «The Guardian» газетаси.
Мазкур маблағ Ҳонгконгда жойлашган «WorldPR» ширкати томонидан Айткеннинг «Consultancy & Research Services Limited» компаниясига ўтказиб берилган. Вашингтондаги китоб тақдимоти учун харажатлар, жумладан, Ж.Айткен Оқ уй яқинидаги «Capital Hilton» меҳмонхонасида туриши тўлови ҳам қоплаб берилган.
Эътиборга молик жиҳати, Ж.Айткен «Nazarbayev and the Making of Kazakhstan» (Назарбоев ҳамда Қозоғистоннинг барпо этилиши) китоби учун Қозоғистон ҳукуматидан пул олмаганини айтган эди.
Китобда Қозоғистон президенти муваффақиятли иқтисодий ислоҳотлар ташаббускори ҳамда ўз мамлакатини совет тузумидан мерос ядро қуролидан халос этган етакчи сифатида тасвирланади. Мухолифлар эса муаллифни Н.Назарбоевнинг автократик характерини хаспўшлашда айблаган.
Ж.Айткен ушбу китоби учун мўмай қалам ҳақидан ташқари Қозоғистон Республикаси давлат мукофоти – медаль билан тақдирланган. Медални 2017 йили Қозоғистоннинг Буюк Британиядаги элчиси топширган.
Ж.Айткен ўз даврида Буюк Британия ҳукуматида вазир ҳамда парламентда депутат лавозимида фаолият юритган. Унинг сиёсий карьераси 1996 йили ёлғон гувоҳлик сабаб хотима топган. Гап шундаки, «The Guardian» газетаси сиёсатчининг «Ritz Hotel» меҳмонхонасида яшаши учун Саудия Арабистони подшоҳининг ўғли пул ўтказгани ҳақида материал чоп этган. Ж.Айткен буни рад этган ҳамда газетани туҳматда айблаб судга берган. Пировардида, у ёлғон гапиргани исботланиб, қамоққа ҳукм қилинган. Сиёсатдан кетгач, у таниқли шахслар ҳақида автобиографик китоблар ёзиш билан шуғулланган.
Ж.Айткен китоби қаҳрамони – Қозоғистонни қарийб 30 йил давомида бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йил 19 март куни президентлик ваколатини ўзидан соқит қилган эди.
Н.Назарбоевга тириклигидаёқ ҳайкал қўйилган. Қозоғистон пойтахти ҳамда мамлакатдаги университет, кўча ҳамда хиёбонларга ҳам унинг номи берилган. 81 ёшли Элбоши гарчи расман президентлик лавозимидан кетган бўлса-да, сиёсий таъсири катта экани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, Текширувчи журналистлар халқаро консорциуми (ICIJ) томонидан яқинда эълон қилинган «Пандора ҳужжатлари»да ўнлаб таниқли сиёсатчилар, давлат ва ҳукумат раҳбарларининг офшор схемаларга алоқадор экани фош этилди.
Аввалроқ «Пандора ҳужжатлари» доирасидаги яна бир ҳолат – Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримовага дахлдор шубҳали вазият ҳақида хабар берган эдик. Суриштирув натижаларига кўра, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сайлов кампаниясига муносиб ҳисса қўшган британиялик тадбиркор Муҳаммад Амерси Швециянинг «Telia» телекоммуникация ташкилоти билан бир неча шубҳали шартномаларда қатнашган. Хусусан, у «Telia» компаниясига Гулнора Каримова билан 220 млн долларли келишувни имзолашни маслаҳат берган. Кейинроқ Г.Каримовага тўланган пуллар пора экани исботланиб, швед компанияси АҚШ ҳукумати томонидан 952 млн доллар миқдорида жаримага тортилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter