Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ниҳоят, «тилга кирди»! – Энергетика вазирлиги «Газпром» билан имзолаган ҳужжатга тушунтириш берди

Ниҳоят, «тилга кирди»! – Энергетика вазирлиги «Газпром» билан имзолаган ҳужжатга тушунтириш берди

Энергетика вазирлиги Россиянинг «Газпром» компанияси тарқатган ўзаро газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» имзолангани ҳақидаги хабардан роппа-роса 23 соат ўтиб, «тилга кирди».

Вазирлик жорий йил 24 январ куни имзоланган ҳужжат ҳақида хабар бериб, унда Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинганини айтмоқда.

Қайд этилишича, имзоланган «Йўл харитаси»га мувофиқ томонлар ўртасида тузилган Ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи «Ўрта Осиё – Марказ» газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олишган.

Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади.

«Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда «Йўл харитаси»да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ», – дейилади вазирлик тушунтиришида охирги бир сутка мобайнида мазкур ҳужжатнинг очиқланмагани ортидан келиб чиқаётган шубҳа-гумонларга жавобан.

Шунингдек, вазирлик томонидан келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар «миллий манфаатларни тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилиши» ҳақида ваъда ҳам берилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг