Нон сотувчи аёл: «Ҳаётим ғам-андуҳда кечди, ҳозир эса ҳузурим бор»
Истанбулнинг Фатиҳ тумани ўзбеклар ҳудуди ҳисобланади, дўкон эгаларини ҳисобламаганда, сотувчи ҳам, олувчи ҳам, йўловчи-ю ҳайдовчи – ҳамма-ҳаммаси ўзбеклар. Ўзингизни худди ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қиласиз. Атрофдаги ошхона номлари ҳам ўзбекча: «Қўқон таомлари», «Жиззах ошхонаси», «Ўзбек миллий таомлари»...
Бугунги суҳбатдошим Дилафруз Фатиҳдаги нон дўконларидан бирида ишлайди.
– Туркияга бундан 2 йил олдин маҳалламдаги Мумтоз опанинг ортидан келганман. Улар ҳам шу дўкон цехида ишлайди – бу ердаги 18 киши билан бирга 20 дан ортиқ турдаги нон маҳсулотларини пиширишади, мен ва туркманистонлик яна бир аёл уларни шу ернинг ўзида сотамиз, бир қисмини эса ошхона ва кафе, магазинларга сотгани олиб кетишади, — дейди у.
Туркияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони расмий маълумотларда 70 мингдан зиёд деб кўрсатилган. Аммо ноқонуний ишлаб юрган юртдошларимиз ундан ҳам кўп. Истанбулда мен суҳбатлашган ҳар 10 муҳожирнинг 8 нафарида ҳужжатлар жойида эмас: ё яшаш, ёки ишлаш рухсатномаси йўқ.
Асли намаганлик бўлган Дилафруз – 55 ёшда. У ўғли, келини ва 2 набираси билан Истанбулдаги ижара уйда яшайди. Айтишича, узоқ ўтмишда эри «ишлаб келаман», дея Россияга кетгани бўйича қайтиб келмаган экан. Кейинроқ билса, ўша ёқларда бошқасига уйланиб олибди...
– «Майли, жони соғ бўлсин», – деганман. Нима ҳам қилардим. Мажбурлаб бўлмаса. Сўнгра ёлғиз ўғлим билан қолавердик. Ишладим. Ўғлимни катта қилдим. Уйлантирдим. Бирор марта йўқлаб келмади дадаси...
Дилафрузни кўрсангиз, унинг бамаъни, камсуқум, ҳалол аёл эканини дарҳол сезасиз. Дўконга келганларни очиқ чеҳра билан қарши олади.
– Ўғлим меҳмонхонада ишлайди, келиним 2 боласи билан яқинда келди Истанбулга, шу атрофдаги бир тикув цехига ишга ҳам кирди, ҳозирча 2 набирамдан бирини мен, иккинчисини келиним иш ерига олиб кетиб турибмиз. Ишхонамиздаги бошлиқларимиз инсофли, бир нарса дейишмаяпти. Турклар болапарвар халқ бўлгани учунми, 3 ва 5 ёшдаги болаларимизни халақит бераяпти, дейишмаяпти. Шу яқин кунларда уларни боғчага жойлаймиз.
Эри ташлаб кетгач, ёлғиз фарзанди билан қолган Дилафруз бошқа турмуш қурмади: «Нима кераги бор яна турмуш қилишни, деб ўйладим. Биттаси ўғлимнинг отасими – ғам-андуҳда кечди ҳаётим. Ҳозир эса ҳузурим бор, ўғлимнинг оиласи билан роҳат-фароғатда яшаяпман. Чарчасам – дам оламан, зериксам – ўғлим билан денгиз бўйида айланиб келамиз ё истироҳат боғларига борамиз».
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ажралишлар кўрсаткичи 76 фоизга ошган. Ажралишларнинг асосий сабаби эса маиший зўравонлик деб кўрсатилмоқда.
– Истанбулда ишлаётган бошқа ўзбек аёллари билан мулоқот қилиб турасизми? – дея сўрайман Дилафруздан.
– Албатта. Фатиҳда ўзбеклар жуда кўп. Ҳар куни мендан нон олувчи бир қанча ўзбек хотин-қизлар орасида кўз таниш бўлиб қолганлар ҳам, қадрдондек бўлиб кетганлари ҳам бор. Икки йил ичида юзлаб ҳамюртларим билан танишдим, аммо бирор марта ахлоқсиз, тарбиясиз, ёмон ишлар қилиб юрганларини учратмадим. Бизнинг аёллар меҳнаткаш, уйим-жойим деб бу ерга келишган. Тиш-тирноғи билан қазиб-кавлаб пул топишади, топишадию дарҳол бор пулини Ўзбекистонга – оиласи, болаларига юборишади. Мен ўзим интернетдан фойдаланишни унча яхши билмайман, аммо бу ерга келганлар билан гаплашганимда ижтимоий тармоқлар орқали Туркияда ишлаётган аёлларни ёмон сўзлар билан, кўпчилик эркаклар томонидан ҳақорат қилишаётганини айтиб қолишади. Жудаям хафа бўлиб кетаман. Илтимос, шу гапимни етказиб қўйинг! Юртда қолган эркаклар бу ерда ҳалол пул топиб, узоқдаги боласини боқаётган, ўқитаётган, уйли-жойли қилаётган ўзбек аёлларининг шаънини ерга урмасин. Яхшиси, аёлларга тиргак бўлишсин: эри, акалари, укалари, оталари...
Водийлик аёллар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида етакчилик қилмоқда. Расмий маълумотларга таянадиган бўлсак, улар сони 150 мингдан зиёд. Аёлларимиз, асосан, Туркия, Россия ва Қозоғистонда ишлаб келишмоқда. Шахсан ўзим Туркияда ишлаётган юртдошларим билан гаплашганимда, уларнинг кўпчилиги ё андижонлик, ё марғилонлик, қўқонлик ёки наманганлик эканликларига гувоҳ бўлдим. Самарқанд, Қашқадарё, Тошкентдан келганлар ҳам учраб туради.
Избосканлик Ҳалима Анқарадаги бир оилада хизмат қилади. Келганига 6-7 йил бўлган. Эри ва уч нафар боласи Ўзбекистонда. Эри ишламайди, хотин юборган пулни чойхонама-чойхона совуриб юради. Камига хотинига: «сен енгилоёқсан, у ерда нима ишлар қилиб юрганингни биламан. Шукур қил, сени у ерда ишлатиб қўйганимга», – деб дўқлаб туради, аёлни 4-5 ойдан бери биламан. Айтишича, Анқара аэропортига келиб қўнгач, танишиникигача борадиган автобус учун ҳам пули бўлмаган. Беш соат ўтирган аэропортда оч-наҳор, сувсиз. Бировдан телефон сўраб танишига қўнғироқ қилай деса туркчани билмайди. Охири йўловчилар унинг оғир аҳволини кўриб ёрдам кўрсатишди: 400 лира (150 минг сўм) пул йиғиб беришди қўлига, бири телефонидан танишига қўнғироқ қилди. Амира исмли аёл (таниши) 1 соатларда келиб уни олиб кетди. Уч кундан сўнгра шу оилада хизматчиликни бошлади.
Беш кишилик оиланинг уч қаватли уйида кунига 12-14 соатдан ишлайди: овқат қилади, уй тозалайди, кир ювади, дазмол қилади. Хуллас, ярим тунда 3 метрлик ертўла каби хонасига кириб борганида бармоқларини қимирлатгани ҳоли қолмаган бўлади. Ҳафтада бир марта бериладиган дам олиш кунини ҳам ухлаб ўтказади. Шу меҳнатлари орқасидан топган пулига оиласини боқиш билан бирга Ўзбекистондан 3 хонали (аввал ижарада яшашган) уй сотиб олди, уни жиҳозлади. Ўғлини ўқитди, уйлантирди. Ўғли институтни битирди ва янги ишга жойлашди. Аёлнинг умиди шу ўғлидан. Энди яна пул тўплаб, ўғлига бошқа уй олишга ёрдам бермоқчи. «Менинг бошқа чорам ҳам, танловим ҳам йўқ. Бу ердан кетсам, оилам оч қолади», – дейди Ҳалима. Зеро, чора ҳар замон топилишини тушинтира олмадим.
Шу ўринда Туркияда яшаётган ва ишлаётган аёлларни жуда кўп кузатганим боис баъзи бир нарсаларни алоҳида эслатгим келди: Туркияга ишлаш учун келаётганингизда ёнингизда захира маблағингиз бўлсин. Шунда ҳеч кимга сарғаймайсиз, қоладиган жойингиз учун тўлашга лойиқ пулингиз ва муносиб иш топишга етарли вақтингиз бўлади. Дуч келган ишни дарҳол қабул қилманг, бошқаларини ҳам кўринг, солиштиринг, улар орасидан энг маъқулини тангланг. Ҳеч ким сизни зўрлаб ишлатмайди – буни унутманг. Илк ишни кўрмасданоқ «тамом, менга бўлаверади. Тезроқ пул ишлаб, оиламга жўнатишим керак», – деб эмас, «Йўқ, бу иш менга тўғри келмайди. Мен бундан кўра яхшироғини топа оламан!, – дея турк иш берувчиларига ўзбек аёллари учун пулдан кўра қадри муҳимлигини кўрсатиб қўйинг.
Дилафруз тандирхонадан чиққан қайноққина нонларни сотибгина қолмасдан, харидорларнинг таъбига кўра, сарёғ, қиём, пишлоқдан чиройли қилиб ёғли кулча ҳам тайёрлаб беради.
Лаззатли нонларни ширин каломи билан мижозларга икром этаётган Дилафруз Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламайди. Чунки ватанда уни кутаётганлар йўқ. Балки бордир-ку Дилафруз билмас бу ҳақда? Аммо оиласи, бола-чақасини Ўзбекистонга ташлаб, ўзлари Туркияда ишлаётган Шоҳидалар, Ҳалималар, Наргизалар учун Она Ватан ҳамиша азиздир. Чунки бу аёлларнинг омонатлари қолган юртда. Бола-чақаси муштоқ бўлиб кутади уларни. Жорий йилнинг 15 май куни Туркия ва Ўзбекистон ўртасида айрим муҳим хамкорликка оид қонунлар, битимлар ва протоколлар қабул қилинди. Улар орасидан 7508-сонли «меҳнат мухожирлари ва уларнинг оила-аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ҳам ўрин олиши ўзбек муҳожирлари учун айни муддао бўлди. Умид қиламизки, Туркияда ҳалол меҳнатлари билан пул топиб, Ўзбекистондаги фарзандларини вояга етказаётган, ўқитаётган, кийинтираётган меҳнаткаш аёлларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, асосийси, қадр-қиммати тикланишига умид қиламиз.
Сабоҳат Раҳмон
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter