Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЎФА Каннаваро масаласида расмий баёнот берди

ЎФА Каннаваро масаласида расмий баёнот берди

Фабио Каннаваронинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланиши ҳақидаги хабарлар тарқалгач, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) расмий баёнот билан чиқди.

«Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор ФИФА Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу тарихий натижа мамлакат футболи учун янги саҳифа ҳисобланса, навбатдаги устувор вазифа — Жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш ва мусобақада муносиб иштирок этишни ташкил этишдир.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан бу борада барча йўналишларда тизимли ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, халқаро тажрибага эга ва Жаҳон чемпионатида иштирок этган мутахассисларни терма жамоага таклиф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Хусусан, ЎФА раҳбарияти бу борада яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири, Жаҳон чемпионати ғолиби, 2006 йилда дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган таниқли италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб бормоқда.

Музокаралар бўйича батафсил ва расмий хабарлар ЎФА саҳифаларида эълон қилинади. ОАВ вакилларидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган норасмий ва асоссиз хабарларга таянмасликларини сўраймиз», дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлиши кутилаётган Фабио Каннаваро жаҳондаги энг кўп маош олувчи тўртинчи мутахассисга айланиши мумкинлиги хабар қилинганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг