Оилавий зўравонлик қурбонларига муддатсиз ажрашиш ҳуқуқи берилиши мумкин
Ҳукуматга икки ой муддатда Олий суд билан биргаликда жиноий оилавий (маиший) зўравонлик қурбонларига нисбатан жабрланувчининг талабига кўра суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларнинг соддалаштирилган тартибда, яъни суд маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг фикрини инобатга олган ҳолда эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига имконият йўқ деб топса, ишни кўришни кейинга қолдирмасдан ҳамда ярашиш учун муҳлат тайинламасдан ҳал қилув қарори чиқаришни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш вазифаси топширилди.
Бу борада «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасига судда уй-жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ даъволар кўрилаётганда, уй эгасининг талабига кўра мажбурий тартибда киритилаётган тараф уй эгасига тегишли мутаносиб шароитга эга бошқа яшаш жойига ёки уй эгаси томонидан ижара ҳақи тўлаб туриладиган яшаш жойига киритиб қўйиш имкониятини яратувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.
Бундан ташқари, Ҳукумат Олий суд билан биргаликда икки ой муддатда ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳлардан ногирон фарзандлар туғилиши хавфи тўғрисида амалиёт ва хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, бундай никоҳлар келажак авлод саломатлиги учун салбий таъсир этадиган бўлса, ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан таклиф киритади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter