Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимлар коронавирусни ташувчи энг хавфли тоифага аниқлик киритишди

Олимлар коронавирусни ташувчи энг хавфли тоифага аниқлик киритишди

Фото: «Socportal.info»

АҚШ олимлари коронавирусга чалинган 192 нафар бола устида тадқиқот олиб боришди ва... бу ёш тоифаси вирусни ташувчиларнинг энг хавфлиси деган хулосага келишди. Инфекцияни юқтириб олган болаларнинг нафас йўлларида катталарникига қараганда анча кўп вирус тўпланган, дейилади «Journal of Pediatrics»даги мақолада.

«Барча ёшдаги болаларда, айниқса касалликнинг дастлабки икки кунида, вирус даражаси ўта юқорилигидан ҳайрон қолдим. Болаларда вирус юкламаси бунчалик юқори бўлишини кутмагандим. Ҳолбуки, касалхоналарда ётган оғир аҳволдаги коронавирус беморларида вирус юки соғлом, ўзини яхши ҳис этаётган болаларникидан анча паст», — деди тиббиёт фанлари доктори, MGH муковисцидоз маркази директори, «Педиатрия» тадқиқоти етакчи муаллифи Лаэль Йонкер.

Вирус юкламаси юқори бўлганида — касалликнинг бошқаларга юқиши эҳтимоли ҳам юқори.

Тадқиқотда қатнашган 192 нафар боланинг (улар орасида чақалоқлар ва 22 ёшлилар ҳам бор) 49 нафари COVID-19 бўйича мусбат натижа олинганлар, 18 нафари эса коронавирусни бошдан кечирганлар.

«COVID-19 пандемияси пайтида биз асосан жиддий симптомли беморлар билан овора бўлиб, касалликни юқтирганлар асосан катталар, деган нотўғри хулоса чиқардик. Аммо эндиги натижалар болалар ҳам бу вирусдан ҳимояланмаганини кўрсатяпти. Улар касалликни потенциал ташувчилар эканини асло назардан қочирмаслигимиз керак», — деди MGH маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, ушбу тадқиқот етакчи муаллифи Алессио Фазано.

Тадқиқотчиларга кўра, болалар коронавирусни енгил ўтказганлари билан, касалликни ташишда жуда фаолдирлар, хусусан, кўчада-кўйда юқтирилган вирусни ўзлари билан уйларига олиб келишлари мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг