Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий таълимдаги муаммолар. Мушукнинг бўйнига қўнғироқни ким осади?

Олий таълимдаги муаммолар. Мушукнинг бўйнига қўнғироқни ким осади?

26 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистонда олий таълим соҳасига бағишланган бир ойлик сайёр сессиялари хулосалари юзасидан якуний муҳокамасига бағишланган кўрсатувни диққат билан кузатдик. Унда таълим билан боғлиқ бўлган соҳага масъул вазирликлар вакиллари ва республикамиз олий ўқув юртларининг ректорлари, талабалар иштирок этди. Деярли уч соатга чўзилган йиғилишда кўтарилган масалалар жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари қаторидан жой эгаллашни мақсад қилган мамлакатимиз таълим тизимида кейинги йилларда кўплаб муаммоларнинг йиғилиб қолганлиги, очиғи, ютуқларимиздан кўра муаммоларимиз анча салмоқли эканлигини кўрсатди. Келажак авлод тарбияси, интернет-компьютер технологияларини эгаллаган, замонавий билимларга эга бўлган кадрларни етиштириш, уларга жаҳон илм-фани андазаларига мос илғор педагогик технологиялар асосида билим бериш масаласининг даврнинг энг долзарб масаласи сифатида кун тартибига қўйилиши ва кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниши илм аҳлини қувонтирган бўлса, таълим тизимидаги бугунги ҳақиқий аҳвол, мақсадга эришиш йўлидаги сунъий тўсиқлар кўнглимизни ғаш қилди.

Халқаро пресс-клубнинг мазкур сессиясида ҳаммани ташвишга солаётган асосий масала – бизнинг олий таълим тизимимиз қандай бўлиши керак, унинг мукаммаллиги, бекаму кўст бўлиши учун нима қилишимиз, қандай вазифаларни амалга оширишимиз лозим деган саволларга жавоб изланди. Бунинг учун бу масалага алоқадор вазирликлар, муассасалар вакиллари ўз фикрларини билдирдилар ва имкон қадар бу борадаги ҳақиқий вазиятни кўрсатиб беришга ҳаракат қилдилар. Таҳлил жараёнида бу муаммони бартараф этиш биргина олий таълим муассасасининг ўзига боғлиқ эмаслиги, бир қатор вазирликлар ва ташкилотларни боғлаб турувчи кўринмас иплар муаммони янада чигаллаштираётганлиги маълум бўлди. Шу боис бир муаммо тилга олинар экан, у билан боғлиқ навбатдаги муаммо кўндаланг бўлаверди. Таълим сифатини яхшилаш, кадрлар тайёрлаш ишларини ривожлантириш учун ишни нимадан бошлаш керак деган масалага таълим тизими ташкилий структурасини ўзгартиришдан бошлаб олий таълим муассасасига молиявий масалаларни ҳал қилишда эркинлик, қулайликлар яратиш, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, малакасини ошириш, талабалар билимини назорат қилишнинг талабга жавоб бермаслиги, таълимга инновацион технологияларни жорий қилиш, олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида ҳамкорликнинг йўқлиги маълум даражада салбий оқибатларни келтириб чиқараётганлиги, ахборот-ресурс марказлари, интернет тизими, электрон адабиётлар захирасини яратиш ишларининг сустлиги, лабораториялар ва улардаги замонавий асбоб-ускуналар етишмаслиги, кутубхоналардаги илмий адабиётларнинг кўпчилиги эскирганлиги, бакалавр ва магистратурага қабулнинг шаффоф эмаслиги, ота-оналар билан алоқаларнинг кўнгилдагидек эмаслиги каби ўнлаб муаммолар атрофида жавоб изланди.Таълим сифатининг кескин пасайиб кетишига эртадан кечгача университетда бўлиб, кечки бўлимдан дарсдан чиқиб тун ярмигача илм қилиш ўрнига талабааларнинг турли мустақил ишу рефератларини варақлаган, бирор мақола ёзишга, ўз устида ишлашга вақт топа олмаётган ўқитувчи айбдорми ёки фақатгина диплом олиш учун ўқиб, имтиҳон сессияларида қинғир-қийшиқ йўл излайдиган талаба айбдорми ёки бунинг учун ота-она жавобгарми каби масалалар таҳлилга тортилди. Ҳар ҳолда фикрлар ранг-баранг бўлса-да, мақсад якдиллиги сезилиб турди.

Албатта, масаланинг қўйилиши яхши, аммо кўтарилган муаммоларнинг барчасига бирданига ечим топиш қийин.Шунинг учун назаримизда масъул вазирликлар вакиллари томонидан билдирилган жавоблар ҳам тўлиқ ва етарли бўлмади. Кун тартибига қўйилган масала очиқлигича қолди. Кўтарилган бирорта масала бўйича аниқ хулосага келинмади. Агар мамлакатимиз таълим тизимини жаҳон илм-фани андазаларига тенглаштириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини инобатга олсак, масаланинг Халқаро пресс-клуб муҳокамасига қўйилишини бу борадаги дастлабки қадам дейиш мумкин. Сессияда кўтарилган масалалар аччиқ бўлса-да, бор гап. Ундан кўз юмиб бўлмайди. Сессия эса ҳаммани ҳушёрликка, ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга даъват этди.

Бизнингча, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияларида мазкур муаммоларни масъул вазирликлар вакиллари иштирокида навбати билан кўриб чиқиш ва аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш лозим. Бир йиғилишда таълим тизимининг ташкилий структураси муҳокама қилинса, бошқасида молиявий масалаларга эътибор қаратилса, яна бошқасида таълим сифатини ошириш бўйича раҳбарлар эмас, кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар фикрлари тингланса муаммоларни бартараф этиш йўллари янада аниқ бўларди. Шундагина ҳар бир масалага аниқ ечим топилади. Акс ҳолда ҳар бир соҳа муаммолари бирданига ўртага ташланар экан, мушукнинг бўйнига қўнғироқни ким осади деган масаланинг кун тартибидан тушмаслиги аниқ.

Бойназар Юлдошев
Қарши Давлат университети
Филология фанлари доктори,
профессор

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг