Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олқишу чапакларга қиё боқмаган санъаткор

Олқишу чапакларга қиё боқмаган санъаткор

Фото: Xabar.uz

Забардаст режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Баҳодир Йўлдошев ҳаёт бўлганида бугун 80 ёшга тўлган бўлар эди.

Баҳодир Йўлдошев 1945 йил 7 сентябрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. Тошкент театр ва рассомчилик институтида режиссёрлик мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

27 ёшида Ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри) бош режиссёри этиб тайинланган. 1984-2004 йилларда Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолият кўрсатган.

“Келинлар қўзғолони”, “Нодирабегим”, “Юлдузли тунлар”, “Зебуннисо”, “Майсаранинг иши”, “Қора камар”, “Искандар” каби ўнлаб спектакллари билан миллий театримизни янги босқичга кўтарган.

Устоз санъаткор йиллар мобайнида Мустақиллик, Наврўз, “Шарқ тароналари” каби байрам тантаналарини ташкил қилиб, майдон-томоша санъати ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган.

Атоқли режиссёр 2009 йилда “Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студиясини ташкил этиб, умрининг охирига қадар унга раҳбарлик қилган.

Б.Йўлдошев 2021 йил 16 май куни 76 ёшида вафот этган.

Баҳодир Йўлдошев нафақат театр дарғаси, айни чоқда, мутафаккир зиёли эди. Қуйида марҳум санъаткорнинг “Жаҳон адабиёти”, “Маънавий ҳаёт” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилган суҳбатларидан олинган айрим фикрлари эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Илм, ижод, умуман, гўзалликнинг поёни йўқ. Агар поёни бўлганда фақат битта одам “Ҳамлет”ни саҳналаштирарди. Бошқа режиссёрлар эса бу ҳақда бош қотирмасди. Лекин ўша – воқеаси ҳаммага маълум ягона “Ҳамлет”ни юзлаб режиссёрлар яна бошқатдан яратишади. Ҳар бири турли нуқтаи назардан ёндашади ва ўз Ҳамлетини кашф этади.

* * *

Ўнқир-чўнқир бўлса ҳам, барибир, санъаткор гўзал ҳаёт кечиради. У шу ҳаётнинг ўзидаёқ ҳам Ромео, ҳам Отелло, ҳам Ричард, ҳам Цезар... Гарчи фожеий бўлса-да, бир қанча тақдирни яшаб ўтади. Ўзининг ҳаёти, бахтсизлиги улар қисмати олдида зарра бўлиб кўринади. Оддий одамлар эса фақат битта – ўз ҳаётини яшайди.

* * *

Одатда илгариги спектакллар яхши эди, актёрлар зўр ўйнарди, деган гапларга кўникиб қолганмиз. Йўқ, ҳаммаси пуч гап. Ўзбек театри тарихидаги ҳақиқий актёрларни номма-ном санайман десанг, бармоқларинг ортиб қолади. Актёрлик ниҳоятда мураккаб касб. Саҳнада ўзини эркин тутиб, импровизацияни уддалади дейиш мумкин. Кечирасиз, буни орсиз одам ҳам эплай олади. Мана, тўйларда ҳамма чиқиб ўйнайди, лекин ҳамма раққоса дегани эмас-ку. Шу сабаб бу касбга атайлаб тайёрланган, актёрлик онг-онгига сингиб кетган одамлар зарур.

* * *

Хиёнатлар ичида энг оғири касбга қилинган хиёнат деб биламан. Белгиланган муддатда ҳар қандай ишни битириш мумкин. Лекин унинг сифати-чи? Иш буюрувчига барибир, у нима бўлса бўлсин тезроқ “материал”ни қўлга олгиси келади. Унга сизнинг шаънингиз, номингиз ҳеч нимани англатмайди... Табиат барибир ўз айтганини қилади. У хўжакўрсинчи – шошмашошарлардан боплаб ўчини олади. Биларсиз, теракнинг тез ўсадиган навидан уй қуриб бўлмайди.

* * *

Спектакль қўяётганимда томошабин олқишларини ўйламасликка ҳаракат қиламан. Муҳими, томошабин менга ҳамдард бўлса... Кўп айтганман, бу ҳамдардликни гуллару чапаклар ифодалаб бера олмайди. Спектаклимни дўстим кўрдимикан, у қандай фикрда экан? Унинг кўнглини топа олдимми? Домлам Тўла ака кўрганда нима дер эди, қаерини тузатарди? Александр Гинзбург ё Брим-чи? Асарни уларнинг нигоҳи билан ҳам кўриб чиқаман.

* * *

Спектакль учун танланган пьеса дил изҳори ё иқрорга айланиши зарур. Ишларимнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқий спектакл бўлган, деб айта олмайман. Лекин таскин бор: қачонлардир кимдир ишингиздан бохабар бўлиб, бир онга бўлса-да, сизга суянса, сиздаги ҳақиқатга ишонса, “мен энди бу ишни қилмайман, бошқача ҳаёт кечираман”, деб ўз ҳоли ҳақида ўйлай бошласа, шунинг ўзи кифоя. Ижоднинг ички қонунияти ҳам одамларни ўйлантиришдир. Одамни ўйлантиролмаган, ўз хаёлига бўйсундиролмаган китоб бир ҳовуч қоғоз, холос.

* * *

Эмишки, Суқрот “У ёқда Арасту билан учрашаман”, деган ўйда ўзига олиб келинган заҳарни пайсалга солмай ичган экан. Яъни ажал Суқрот учун гўё Арасту эшигини очиб берувчи бир йўл. Донишманд дийдорига етишиш олдида оғу ҳеч нарса эмас! Устозим Тошхўжа Хўжаев айтардилар: “Агар сен Алишер Навоий, Шекспир каби ижодкорларга ўтмиш шоирлари ё мозийдаги бир одам деб қарасанг, чинданам, олисдаги бир афсона бўлиб қолаверади. Уларни замондошингдек қабул қил. Гўёки сен ҳозир шу зотлар билан учрашасан, гаплашасан…” Шундагина улар бизни ҳам ўзиники қилиб олади. Қўяётган спектаклимни шу сиймолар кўрганда нима дер экан, деб хаёлдан ўтказсанг иш умуман бошқача тус олади. Ўйлашимча, шоирлар “Агарда шеъримга Навоийнинг кўзлари тушганда не дер эдилар”, дея истиҳола қилганда эди, қанчадан-қанча шеърлар, ёстиқдай-ёстиқдай китоблар ёзилмаган бўларди.

* * *

Биласизми, гулни нима гўзал қилади? Унинг рангими? Йўқ, гул тикани билан гўзал. …Бир ҳофизни билардим, кўзи ожиз, юзи чўтир эди. Эй, худо, одам дегани ҳам шу қадар кўримсиз бўладими, деб ўйлайсиз. Лекин куйлаганда у кишидан гўзали йўқ эди. Одамни ишига бўлган муносабати гўзал қилади. Гўзалликка баҳо берадиган пайтда, одатда тақинчоқлару башанг либослар одамни гўзаллаштиради, деб ўйлаймиз. Аслида эса ортиқча безаклар аёл ҳуснига соя солади. Табиий жозибани йўқотади. Либос инсонни эмас, инсон либосни безаши керак.

* * *

Йиғи – Оллоҳ неъмати. Қайсидир бир ёзувчи айтган, агар одам йиғламаса, кўз ёши билан чиқиб кетадиган тузлар унинг юрагини қоплаб, юрак тузга айланиб қолади, деб. Шу учун ҳам кўзёши шўр. Йиғи билан йиғининг фарқи бор. Агар сиз саҳнадаги Ҳамлетга ҳамдард бўлиб йиғласангиз у йиғининг кучи бошқа. Ундаги йиғини ўз йиғинг билан қиёслаб бўлмайди. Сиз дунёни қай даражада идрок қиляпсиз, бу йиғингизнинг кучида ва уни қандай ифодалаётганингизда кўринади.

* * *

Ўзбек драматургияси асосчиси ким? Бир пайтлар бу саволга жуда тўғри жавоб айтилган: Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий! Рост, бундоқ ўйлаб қарасангиз, ўзбек драматургияси тарихида Ҳамзадан кучлироқ драматург йўқдек… Менга қолса-ку, биринчи драматургимиз деб Ҳазрат Алишер Навоийни айтган бўлардим. Унинг “Фарҳод ва Ширин” достонида драматургиянинг илк учқунларини кўриш мумкин.

* * *

Ўзбек драматурглари орасида Ҳамзага етадигани бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Албатта, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор каби адибларнинг драматургиясини ҳам эътироф этамиз. Лекин барибир, улар ҳам Ҳамзага етолмайди. Биз ҳали-ҳануз Ҳамза асарларини муносиб даражада саҳналаштира олмаганмиз. У сўзнинг қадрини билган ҳолда пьесаларини ёзган. Ҳамзани охиригача тушуниб етадиган режиссура ҳали шаклланмаган бизда.

* * *

Пьеса қўйишдан мақсад нима ўзи? Мақсад анкетага “бу режиссёр фалон-фалон асарларни саҳналаштирган”, деган қайдларни киритишгина бўлмаслиги керак. Санъатда ишқ бўлиши лозим! Талабалик пайтларимизда “Пьесани қўлга олганингда уни тушунишга ҳаракат қил, у билан дўстлаш, мақсадини тушун, дардини ҳис қил!” дея уқтиришган бизга... Ўзбекларда “дардингни олай”, деган ибора бор. Ҳақиқий санъаткор бировнинг дардини ола билади ва шу дард билан яшайди ҳам.

* * *

Буғдой унини кафтида сиқиб, сифатини аниқлай олмаган одамдан новвой чиқмаганидек, театр, артистлар ҳаётини билмаган қаламкаш ҳақиқий драматург бўлолмайди. Драма – диалог ёзиш дегани эмас.

* * *

Одамларнинг дардидан қочиб қаёқларга кетай, деб нола қилган буюк шоир аслида бошқаларнинг дардига малҳамдир. Мен деярли ҳар куни Навоийга мурожаат қиламан, китобларини варақлаб, саволларимга жавоб излайман. Ўзингизни топмоқчи, англамоқчи бўлсангиз, бу улуғ инсоннинг албатта сизга айтадиган гапи бор! Афсуски, биз бу буюк сиймоларга ҳайкалга қарагандек қараймиз...

* * *

Одамлар билан муомалада кўринади бизнинг кимлигимиз. Дейлик, мен мухбирларни ёқтирмайман. Спектакль охирида саҳнага чиқишни ёмон кўраман. Тақризларда қайта-қайта номим келтирилса, ғашим келади. Фарзандларимни ҳадеб менинг номим билан боғлашса, жаҳлим чиқади. Уларнинг ўз йўли, ўз тақдири, ўз ютуқлари бор. Масалан, онам бирор марта спектаклларимни келиб кўрмаган. Ўғлим фалон спектаклни қўйибди ё фалон ишни қойиллатибди, деган гаплар бўлмаган оиламизда. Аксинча, санъаткорлар оиласидан чиққанлигим учун мендан талаб ҳам, масъулият ҳам анча катта бўлиши таъкидланарди... Энг ёмон кўрганим эса – спектакль премьераси. Яхши кўрган одамингиз билан хайрлашгандек бўласиз. Премьера куни спектакль ўлади!

* * *

Аслида дунёда қобилиятсиз одамнинг ўзи йўқ. Лекин ана шу қобилиятни ўзимиз, маиший муаммоларга – машина олай, данғиллама уй солай, фарзандимнинг тўйини ўтказай каби ўткинчи ташвишларга ўралашиб, йўқотиб қўямиз. Одам ўзлигидан кечмагунича эзгу мақсадларга эришолмайди. Пиёлани майда-чуйдага тўлдириб қўйсангиз, унга аччиққина чой ҳам, булоқ суви ҳам қуйиб ичолмайсиз-ку!

* * *

Нон бўлмаса одам етти кунда ўлади, сув бўлмаса – уч кунда, деган гап бор. Инсон булардан ҳам кўпроқ таассуротга муҳтож. Биз ҳар куни қандайдир таассурот олишимиз керак. Самарқанд ё Бухорони томоша қиламан деб келган сайёҳларга қаранг. Телевизорда кўрса ҳам бўлади-ку шу обидаларни. Ўша шаҳар, ўша минора... Фақат таассурот бошқа! Бу туйғу сувдан ҳам, нондан ҳам кучли. Маънавий озиқ моддийдан устун туради.

* * *

Энг даҳшатлиси биласизми, нима? Актёрнинг сири қолмаган. Кеча томошабин уни тўйда кўрган, битта даврада ўтирган. Бугун битта дўкондан харид қилади... Чет элда актёр бирор театр билан шартнома имзоласа, қайсидир маънода ўша даргоҳнинг мулкига айланади. Ҳар жойга боришга, кўнгли тусаган ишни қилишга ҳаққи йўқ. Илгари ўзбек театрларида санъаткор билан томошабин ўртасидаги масофа сақланарди. Актёрлар бозорга бориб, тўрва кўтариб юрмасди ҳатто. Фақат тор давраларда ўтиришарди. Мухлислар уларни кўриш учун театр атрофида айланиб, йўлини пойларди. Шукур ака, Олим ака, Наби акаларни кўришга муштоқ эди одамлар...

* * *

Ҳозирги ўзбек театрларида актёрлик масаласининг ҳам мазаси йўқ. Ўқув даргоҳларида саҳна маҳоратидан сабоқ берганда тўртта-бешта вазиятни ўргатишади. Айтайлик, “сен ёш йигитсан, бир қизни яхши кўрасан. Унга севги изҳор қиласан, ялинасан, ёки у қиз сенга ялинади. Сен – камабағал, у – бой. Ёки аксинча”. Шу вазиятларни ўқиб-ўрганиб чиққан ёшлар эртага театрга бориб фақат ўша вазиятларни ўйнайди. Психология йўқ. Театрларимизда инсон психологияси умуман йўқолиб кетяпти. Актриса қизларимиз фақат йиғлашни билади, йигитларимиз эса фақат урушишни. Бир нарсага амин бўлдимки, айримлари ҳатто актёрлик касби нималигини билмай ўтиб кетади.

* * *

Режиссура шундай касбки, ҳар бир спектаклда шу касбни қайта ҳимоя қилишга тўғри келади. Битта яхши чиқмаган спектакль ўнта яхши ишингизни ювиб кетиши мумкин. Мен ишимни эксперимент дейман, ҳар гал қайси йўлдан борсак томошабинга маъқул келади, деб ўйлашдан иборат ишимиз.

* * *

Санъат аслида хосларники, у ҳеч қачон омманики бўлмаган. Асл театр тарбия кўрган, ўқимишли, санъатни тушуниб қадрлайдиганлар учун муҳимроқ. Театр тарбиялайди дейишади, бу – ёлғон! Театр тарбияламайди. Ҳеч қачон китоб ўқимаган, музейга бормаган одамларни зўрлаб театрга олиб келиб бўлмайди. Улар санъатнинг қадрига етишмайди. Чунки унинг моҳиятини тушунмайди. Афкор оммага санъат эмас, биринчи ўринда нон керак. Уларга санъатнинг сояси ҳам кифоя. Ҳеч қайси даврда Алишер Навоий ёппасига ўқилмайди. Ҳозирда Муҳаммад Юсуф шеърларини ёддан айтиб юрган одамлар Рауф Парфи деган номни эшитган, холос.

* * *

Агар мен орқага назар ташлаб, умримни бир-бир кўздан кечирсам, Ўзбекистонда мендан бахтли режиссёр йўқ экан. Биринчи бахтим санъаткорлар оиласида туғилганим, гарчи қариндошларим қаршилик қилишса-да, санъат йўлини танладим. “Ҳамза” театри (Ўзбек Миллий академик драма театри) тарихида энг ёш бош режиссёр бўлиб, ўн йилдан кўп ишлаганман. Сўнгра фитналар довулини кўрдим. Буям бахт!.. Негаки, сиз ҳеч ким бўлмасангиз, сизни бирор бир зот назарига ҳам илмайди...

Иқбол Қўшшаева

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг