Омадсиз ихтиролар музейи: кулгили хатолар ортидаги катта сабоқ
Одатда музей деганда кўз олдимизга инсониятнинг энг юксак ютуқлари, маҳорат намуналари, қадимий ҳайкаллар, машҳур рассомлар ёки тарихий буюмлар келади. Яна музей деганда ўтмишни сақлайдиган сокин биноларни тасаввур қиламиз. Аслида эса музейлар фақат қадимий экспонатлар жой олган маскангина эмас, улар жамият нимани қадрлаши, нимани унутишдан қўрқиши ва келажакка нимани олиб ўтишни исташини кўрсатадиган хотира жойлари ҳамдир.
Кейинги пайтларда турли музейларнинг кўпайиши ҳам бежиз эмас. Айниқса ихтирочиларнинг кулгили тажрибалари ва ҳатто муваффақиятсизликларига бағишланган музейлар ҳам борки, улар жамиятнинг ютуқларидан кўра, яширмасдан тан олинган хатоларини яхшироқ тасвирлаб беради.
Швецияда ташкил этилган «Муваффақиятсизликлар музейи» (Museum of Failure) ҳам ана шундай ғоялардан бири. Бу ерда дунёни ўзгартириши кутилган, аммо омадсизликка учраган маҳсулотлар, ихтиролар ва лойиҳалар жамланган. Швед психологи Самуел Вестнинг 2017 йилда ушбу музейни ташкил этишдан мақсади инновация ва бизнесдаги омадсизликларни ўрганиш бўлган.
Музей асосчисининг фикрича, инновацияларни муваффақиятсизликларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас ва уларга тўғри ёндашиш керак, чунки хатоларсиз бирон бир тайинли нарса яратилмаган бўларди. Тўпланган экспонатлар бизга ўз хатоларимизни шунчаки инкор этмай, улардан сабоқ олиш кераклигини эслатиб туради. Бу тарихнинг энг қизиқ жойи шундаки, одамлар фақат муваффақиятни кўради, аммо ушбу музей кўринмай қолган йиқилишларни ҳам эсга солади. Балки шунинг учун «Муваффақиятсизликлар музейи»даги айрим экспонатлар кулгили эмас, аксинча инсон сабри ва қайта уриниш қобилияти ҳақидаги ҳикояга ўхшайди.
Музейдаги энг машҳур экспонатлардан бири Google Glass. Бир пайтлар у технология дунёси инқилоби сифатида тақдим этилган эди. Компания бу ақлли кўзойнак инсон ҳаётини бутунлай ўзгартиради, одамлар телефон ўрнига ахборотни ўз кўзлари билан кўради, деб ишонган. Аммо амалда жамият бу ғояга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Кўпчилик уни ноқулай, ҳатто одамларни кузатиш воситаси сифатида қабул қилди. Миллиардлаб сармоя қилинган лойиҳа охир-оқибат музей экспонатига айланди.

фото:https://www.youtube.com/@theemackers
Музейдаги яна бир ғалати ва энг кўп муҳокама қилинган экспонатлардан бири Colgate компаниясининг музлатилган лазаньяси. Ҳа, тиш пастаси билан танилган бренд бир пайтлар озиқ-овқат бозорига ҳам киришга уринган. Компания машҳур ном одамларда ишонч уйғотади, деб ўйлаган. Аммо натижа мутлақо тескари чиққан. Чунки одамлар Colgate номини кўриши билан тиш пастасини эсларди, шунинг учун маҳсулот бозорда ўз ўрнини тополмаган.

Баъзан энг катта компаниялар ҳам одамлар буни албатта яхши кўради, деб ишонган ғоялари билан омадсизликка учрайди. Ва эҳтимол, айнан шу хатолар кейинчалик уларга бозорни яхшироқ тушунишни ўргатади.
Музей ғоясини энг яхши очиб берадиган мисоллардан бири Dyson компанияси асосчиси Жеймс Дайсон тарихи. Бугун унинг чангюткичлари инновация рамзи сифатида қабул қилинади. Аммо бу муваффақият ортида минглаб омадсиз уринишлар бор. Жеймс Дайсон оддий чангюткичлар тез тиқилиб қолиши ва қуввати пасайишидан норози бўлган. У бутунлай бошқача технология яратишга киришади. Лекин ғоя бирданига ишлаб кетмайди. У кетма-кет минглаб прототип тайёрлайди. Айрим манбаларга кўра, у 5 мингдан ортиқ намуна яратган.
Тасаввур қилинг, ҳар сафар янги модел, янги умид ва яна ўзини оқламаган натижа. Кўпчилик учун бир-икки омадсизликнинг ўзи етарли бўларди. Аммо Дайсон тўхтамаган, кейинчалик айнан шу тажрибалари орқали компанияси дунёга танилади.
Дарҳақиқат, хатоларсиз ўсиш йўқ. Ва балки ушбу музейнинг энг катта вазифаси ҳам шу, ўтмишни сақлаш эмас, инсонни ўз тажрибасига бошқача кўз билан қарашга ўргатиш.
Coca-Cola Blak классик кола ва кофе эссенциясининг аралашмаси. Ишонмаслигингиз мумкин, лекин бу ичимлик негадир ҳеч кимга ёқмаган. Яъни харидорлар бу ичимликдан сўнг ўзларини кувватланган эмас, алдангандек ҳис қилишди. Ишлаб чиқарувчиларнинг фикрича, маҳсулот классик коланинг янги ва яхшиланган варианти бўлиши керак эди. Аксинча у истеъмолчиларнинг ҳақиқий исёнига сабаб бўлди, одамлар «эски ва ёмонроқ» таъмни қайтаришни талаб қилишди.

фото: https://it.wikipedia.org/
CueCat штрих-код сканери компьютерга уланарди. Бу нима учун ихтиро қилинган дейсизми? Компьютерда сайтлар номини қўлда термаслик, балки уларни журналлар ва бошқа рақамли бўлмаган ахборот ташувчилардан сканерлаб олиш учун яратилган эди.
Афсуски, бу қурилма технология тарихидаги энг кераксиз ихтиролардан бири ҳисобланади. Фойдаланувчи журналда бирор мақола ёки рекламани кўриб, ундаги кодни сканерлаши, бунинг учун эса кучукча шаклидаги сканер компьютер лойиҳасига сим билан уланган бўлиши керак эди. Истеъмолчилар жуда тез тушуниб етишди: симли қурилмани олиб, кодга тўғрилаб сканерлашдан кўра, браузер қидирувга сайт номини қўлда ёзиб қўя қолиш анча осон ва тезроқ эди. Кучли молиялаштирилган бу лойиҳа бир зумда синди.

фото: https://en.wikipedia.org/wiki/
Rejuvenique ажинларга қарши ниқоб бўлиб, улар билан кучсиз ток заряди орқали курашади. Потенциал харидорлардан қуйидагича саволлар тушган: «Ниқобни таққанда одамни боғлаб қўйиш керакми?» ва «Дод-вой солиш муаммо ҳисобланадими?». Ишонаверинг, бу ниқобни таққан одам худди даҳшатли фильмлардаги жиноятчиларни эслатарди.

фото:https://museumoffailure.com/
Яна бир («Bic» компанияси) аёллар учун ўйлаб топилган ихтиро шарикли ручкалар сериясига ҳам омад кулиб боқмади. Табиийки, улар бошқа ручкалардан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмасди ва фақатгина асосли салбий қарашларга учради, жамият буни жуда катта истеҳзо билан кутиб олди. Бу ручка ҳақида бутун дунёдаги аёллар (ва эркаклар) интернетда киноя ва пичингга тўла фикрлар қолдиришди.

фото:https://museumoffailure.com/
1996 йилда мотоцикл ишлаб чиқарувчи Harley Davidson компанияси «тамаки ноталари» бўлган Hot Road атирлари билан ҳам шуғулланиб кўрган. Harley-Davidson аслида эркинлик, куч, мотоцикл занжирлари, бензин ва чарм ҳиди демакдир. Компания ўз брендини кенгайтирмоқчи бўлиб, парфюмерия бозорига кирганда, уларнинг мижозлари буни бренднинг қадрсизланиши деб қабул қилди. Ҳеч бир жиддий байкер тамаки ва ёғ ноталари бўлган атир сепиб, ўзидан худди устахонадан чиққандек ҳид таратишни истамади.

фото:Parfumo
Twitter Peek қурилмаси 2009 йилда, ўша пайтдаги ҳали ёш ва тажрибасиз Twitter компанияси билан ҳамкорликда яратилган. Бу чўнтак қурилмаси фақат биргина ишни қила оларди — Твиттерга кириш ва твит ёзиш. Смартфонлар шиддат билан ривожланаётган ўша пайтларда фақатгина Твиттерда ёзишга мўлжалланган, бошқа ҳеч қандай функцияси (ҳатто оддий қўнғироқ ёки тўлиқ интернет браузери) бўлмаган қурилмани 200 долларга сотиб олиш ақлга сиғмасди. Бунинг устига, қурилма экрани шу қадар кичик эдики, у бор-йўғи 20 та белгини кўрсатарди, қолганини ўқиш учун эса тугмани тинимсиз босиш керак эди. Смартфонлар бепул Twitter иловасини таклиф қилаётган бир пайтда, бу қурилма тезда унутилди.

фото:https://museumoffailure.com/exhibition/twitter-peek
Nokia N-Gage смартфони ўзининг ғалати дизайни ва тугмачаларининг ноқулай жойлашуви билан ҳаммани ҳайратда қолдирган. Биринчидан, ўйин кассетасини (картасини) алмаштириш учун телефоннинг орқа қопқоғини ва ҳатто батареясини суғуриб олиш керак эди. Иккинчидан, ундан телефон сифатида гаплашиш учун уни қулоққа қири билан (ёнбошлатиб) тутиш керак эди. Технология яхши эди, лекин фойдаланишдаги ноқулайлик уни синдирди.

фото:https://ru.wikipedia.org/wiki/
Kodak DC40 рақамли фотоаппарати ҳатто 1995 йил учун ҳам у қадар сифатли тасвир бермасди. Лекин асосий муаммо шунда эдики, ўша пайтдаги бошқа барча аппаратларда рақамли дисплей бор эди, бунда эса йўқ. DC40 моделида олинган расмни кўриш учун дисплейнинг йўқлиги ва хотираси бор-ёғи 48 та расмга етиши (нархи 1000 доллар) фойдаланувчиларни ғазаблантирди. Одамлар рақамли фотодан айнан тезкорлик ва натижани шу заҳоти кўришни кутишганди, Kodak эса уларни яна расмни компьютерда очиб кўргунча кутишга мажбур қилди.

фото:https://en.wikipedia.org/wiki/Kodak_DC
Sony Betamax видеомагнитофони ўтган асрнинг 70 йилларида тезкор ва жуда сифатли қурилма ҳисобланган. Бироқ, Betamax формати оммабопликда VHS форматига ютқазиб қўйди. Betamax кассеталари бор-йўғи бир соатлик видео ёза оларди. Шунга қарамай, Sony компанияси ушбу плеерни нақ 2002 йилгача ишлаб чиқарди.

фото:https://museumoffailure.com/exhibition/sony-betamax
Иккига айрилган ноғора таёқчаларининг ихтиро қилишаётганда кашфиётчилар нималарни назардан қочирди экан? Кўринишдан қизиқ, лекин амалиётда мутлақо яроқсиз бўлган ихтиронинг барбод бўлишига учта асосий сабаб бор: ноғора чалишда таёқчанинг вазни ва марказий мувозанати (баланси) жуда муҳим ҳисобланади. Учи иккига бўлинган таёқчанинг оғирлик маркази бузилган, бу эса зарба бериш пайтида уни қўлда тўғри ушлаб туришни ва ҳаракатни назорат қилишни қийинлаштирган.
Профессионал ноғорачилар тезликка эришиш учун таёқчанинг ноғора юзасидан қайта сакраш кучидан фойдаланишади. Иккига айрилган учлар эса қайта сакраш энергиясини ютиб юборган ва кучни сўндирган. Натижада, тезликни ошириш уёқда турсин, оддий суръатда чалиш ҳам қўлларни чарчатадиган бўлиб қолган. Бу таёқчалар ноғорага текканда аниқ ва тиниқ битта товуш ўрнига, бир-бирига уланиб кетган, ноаниқ ва «хира» овоз чиқарган. Бу эса мусиқачига керакли аниқликни бермаган.

фото:https://museumoffailure.com/
Хуллас, яратувчилар «механик равишда тезликни икки баробар оширамиз» деб ўйлашган, лекин физика қонунларини ҳисобга олишмаган...
Швециядаги бу музей бизга бир оддий, аммо муҳим ҳақиқатни эслатади: муваффақиятсизлик йўлнинг якуни эмас, балки янги ва яхшироқ йўлнинг бошланиши. Энг муҳими, хато қилишдан қўрқмаслик, балки ўша хато ичидан янги билимни топиб ола билишдир.
Музей асосчиси Самуел Вест таъкидлаганидек, агар компаниянгиз муваффақиятсизликлардан қочаётган бўлса, демак у янгилик яратишдан тўхтаган.
Сиз муваффақиятсизликни нишонлашингиз керак, чунки у сизга қайси йўлдан юрмаслик кераклигини кўрсатади.
Барно Султонова тайёрлади


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter