Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Она 2 йилдан бери Кореяда, ота фарзандига зулм ўтказяпти, буви эса шикоятчи

Она 2 йилдан бери Кореяда, ота фарзандига зулм ўтказяпти, буви эса шикоятчи

Омбудсманга Жиззах вилоятидан келиб тушган мурожаатга кўра, фуқаро Б.О.нинг набирасига отаси томонидан босим ва зўравонлик қилиб келинган.

Мурожаатда ёзилишича, Б.О.нинг қизи К.С. 2022 йилдан буён Кореяда ишлайди. Унинг 8 ёшли ўғли эса куёви, яъни К.С.нинг эри қарамоғида қолган.

Омбудсман берган расмий маълумотга кўра, мурожаатга илова қилинган видеоёзувда эр-хотиннинг видеоқўнғироқ орқали жанжаллашгани ва ота ўғлининг бўғзига пичоқ тирагани акс этган. Шунингдек, аёл эри томонидан кўп маротаба калтаклангани ва соғлиғига зарар етгани ҳақида гапирган.

«Мурожаат дарҳол Омбудсман томонидан назоратга олиниб, ҳолат унинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганилди», – дейилади расмий хабарда.

Аниқланишича, ҳозирда фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғли бувиси билан яшамоқда. Бола билан суҳбат ўтказилганда, ота-онаси ўртасидаги салбий муносабатдан норози эканлигини, отаси билан яшашни хоҳламаслиги ҳамда бувиси билан қолишни исташини билдирган. Шундан сўнг, фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғлига бувиси вақтинчалик васий этиб тайинланган.

Ота эса вояга етмаган фарзандига нисбатан ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этганликда айбланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг