Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оққўрғондаги боғчада болалар заҳарланди, олтитаси оғир аҳволда

Оққўрғондаги боғчада болалар заҳарланди, олтитаси оғир аҳволда

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқларда «Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида 150 нафар бола овқатдан захарланибди, 1 нафар вафот этибди» мазмунида маълумотлар тарқалди.

Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати ушбу хабарлар юзасидан баёнот берди. 

Унда айтилишича, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 25 нафар тарбияланувчиларининг касалланиш ҳолатини ўрганиб чиқди.

2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилди.

12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолмоқда. Қолган 19 нафар тарбияланувчиларнинг ҳолати ўртача оғир деб баҳоланган. Касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.

Эпидемиологияга қарши тадбирларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга услубий ёрдам кўрсатиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан юқумли касалликлар бўйича мутахассислар ва эпидемиологлар гуруҳи юборилган. Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра «Ботулизм» ташхисига гумон қилинган. Якуний ташхис эпидемиологик текширув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосланиб қўйилади. Даволаниш давомида 21 нафар тарбияланувчиларнинг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Бош  прокуратура матбуот хизматининг ёзишича, боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Натижалари ҳақида қўшимча хабар қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг