Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Орол туризми» – Сталинни қизиқтирган қалъалар сири, табиат ва буғу

«Орол туризми» – Сталинни қизиқтирган қалъалар сири, табиат ва буғу

Ўтган асрнинг 30-йиллари жуда мураккаб сиёсий жараёнларга бой бўлган. Дунё улкан ўзгаришлар остонасида турган, етакчи мамлакатлар эса яқинлашиб келаётган урушга тайёргарлик кўриш билан банд эди. Мана шундай вақтда тарихчи олим Сергей Толстов собиқ иттифоқни идора этиб турган Сталиннинг ҳузурига қадимги Хоразм давлатига тегишли бўлган қалъаларни тадқиқ этиш таклифи билан киради. Гарчи вазият оғир бўлишига қарамасдан Сталин бу таклифга розилик беради, чунки Хоразм заминида улкан бойлик яшириниб ётганига у ишонарди.

Шу тариқа 1937 йилдан эътиборан академик Толстовнинг машҳур экспедицияси Хоразм заминида иш бошлади. Ўн йил давом этган тадқиқотлар давомида кўплаб археологик иншоотлар аниқланади, халқимизнинг бой тарихи очиб берилади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Туризм қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган «Орол туризми» ҳафталиги давомида нафақат қадимги қалъалар, балки Қорақалпоғистон диёрининг яна кўплаб туристик салоҳиятлари билан танишдик.

Жампиқ қалъа
Ўз вақтида жуда муҳташам бўлган Жампиқ қалъа харобалари Султон Увайс тоғ тизмасининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Ушбу қалъа Амударё ўнг соҳилидаги энг кўркам ёдгорликлардан бири бўлиб, анча мураккаб тузилишга эга. Унинг шарқий қисмида тўғри бурчакли қўрғон сақланиб қолган, паҳсадан ясалган деворлари эса жипс ярим-устунлар билан безатилган бўлиб, тепалари жуфт поғонали аркалар билан якунланади.

Қалъанинг илк қисми милоддан аввалги IV асрдан милодий I асргача қурилган бўлиб, бугунги кунда сақланиб қолган деворлари милодий IХ-Х асрларда бунёд этилган. Кўҳна шаҳардан топилган тангалар эса ушбу ҳудудда охирги марта қачон аҳоли истиқомат қилганини (мил. ХII-ХIV асрлар) аниқлашга ёрдам беради.

Ўрта асрларда ушбу шаҳардан порт шаҳар сифатида фойданилган. Амударё орқали сузиб келган кемалар орқали кўплаб давлатлар билан савдо-сотиқ алоқалари амалга оширилган. Қазишмалар давомида бу ердан шарқ ва ғарб давлатларидан (Хитой, Миср, Европа, Ҳиндистон) келтирилган кўплаб топилмалар топилган.

Бухоро буғулари
Қалъанинг шундай ёнгинасида эса Экология вазирлиги тасаруфидаги Қуйи Амударё давлат биосфера резервати жойлашган. Таъкидлаб ўтиш лозим, ушбу резерват ЮНЕСКО бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилган бўлиб, унда кўплаб ёввойи ҳайвонлар қатори йўқолиб кетиш арафасида турган Бухоро буғулари (Cervus hanglu bactrianus) яшайди.

Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг умумий ер майдони 68717,8 гектарни ташкил этиб, бу ерлар Беруний ва Амударё туманларида жойлашган. Шундан 11568,3 гектар қўриқхона зонасидан иборат бўлиб, у қатъий режимдаги муҳофазаланадиган зона ҳисобланади. Алоҳида таъкидлаш лозим, резерват ҳудудига кириш мутлақо тақиқланган бўлиб, фақат алоҳида рухсатнома орқали қўриқхона ҳудуди билан танишиш мумкин. Биз – бир гуруҳ ОАВ вакиллари резерват ҳудудига кириш ва ундаги ноёб ҳайвонот ва наботот дунёси билан танишиш бахтига мушарраф бўлдик.

Энг муҳим фактлардан бири – Марказий Осиё ўрмонларининг 20 фоизи ва Ўзбекистон ўрмонларининг 74 фоизи мана шу ҳудудга тўғри келади. Резерватдаги 419 турдаги ўсимликларнинг 2 тури, 36 турдаги ҳайвоннинг 1 таси, 43 балиқ турининг 12 таси ва 246 қуш туридан 23 тури Қизил китобга киритилган. Бу ерда жуда ва жуда эҳтиёт бўлиб юриш лозим!

Бу ерда сайр қилиш шунчаки фантастика – тинч, осуда ўрмон! Аҳён-аҳёнда дарахтлар орасидан Бухоро буғусини кўриб қолиш мумкин. Қўриқхона ҳудудида 1200 бошдан ортиқ Қизил китобга киритилган Бухоро буғуси мавжуд. Қўриқхоначилар буғуни сақлаб қолишга илмий жиҳатдан ёндошганлар – кўпайиш арафасида турган она буғулар махсус қўриқланадиган жойга жамланади ва бу ерда туғиб, кичик буғучани оёққа қўйиб олгунча илмий ходимлар назорати остида бўлади. Уларга махсус озуқа ва сув етказиб бериб турилади.

Бироқ шу билан бирга буғулар табиий яшаш ареолидан узилиб қолиш ва табиатда яшаш инстиктидан маҳрум бўлишига йўл қўйилмайди. Она-бола буғулар ўзини эплаб олганидан сўнг ёввойи табиатга қўйиб юборилади.

ЮНЕСКО эътирофи
Қўриқхона табиат объектлари ва комплексларини тўлиқ сақлаб қолиш, илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб бориш учун мўлжалланган. Қўриқхона зонаси ерлари биосфера резерватига доимий фойдаланиш учун берилган.

Биосфера резерватининг қўриқхона зонаси ҳудудида, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат қўриқхоналари режими ўрнатилган ва ушбу ҳудудда ҳар қандай турдаги хўжалик фаолиятини олиб бориш тақиқланган.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати 2021 йил 16 сентябр куни ЮНEСКО Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилди. Қайд этиш лозимки, ҳозир мамлакатимизда ЮНЕСКОнинг иккита табиий объекти – Чотқол ва Aмударё захиралари мавжуд. Уларнинг сафига яна бир қўриқхона қўшилгани эса экология бўйича олиб борилаётган ишлар салгина бўлса-да самара бераётганини билдиради.

Муҳими, мана шу натижани ушлаб қолиш ва ривожлантира олиш лозим. Инсон таъсири камайган жойда табиат ўзини тиклаб олишини тарих бир эмас, бир неча марта исботлаб бўлган.

Зафар ҚОСИМОВ
Нукус – Мўйноқ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг