Ўтган йилги қотилликларнинг қарийб 40 фоизи оилавий низолар сабаб содир этилган
Ўтган йили содир этилган қотилликларнинг қарийб 40 фоизи оилавий низолар оқибатида содир этилган. Бу ҳақда 28 феврал куни Сенатда бўлиб ўтган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.
«Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда», – дейилади Сенат муносабатида.
Жумладан, 2023 йилнинг 12 ойида содир этилган 363 та қотилликнинг 141 таси (38,8 фоизи) оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида келиб чиққан.
Қўмита мажлисида мисол тариқасида келтирилган маълумотга кўра, жорий йил 17 январ куни Самарқанд вилоятида яшовчи, 2014 йилдан буён руҳий касалликлар касалхонасида рўйхатда турувчи, руҳий касал, 49 ёшли фуқаро уйида ўзаро жанжал оқибатида бирга яшаган 2019 йилдан буён руҳий касалликлар касалхонасида рўйхатда турувчи 26 ёшли ўғлини бошига болта билан уриб ўлдирган.
«Айнан шу каби ҳолатлар яқин қариндошлар ўртасида юз бераётган жиноятларни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмас аниқ чораларни белгилаш лозимлигини кўрсатмоқда», – дея таъкидланади Қўмита мажлисида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter