Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўтган йили поезд ва автомобиллар тўқнашуви сабаб 11 киши ҳалок бўлган

Ўтган йили поезд ва автомобиллар тўқнашуви сабаб 11 киши ҳалок бўлган

Сенатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини ҳамда йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларини бузганлик учун жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, 2023 йил давомида метрополитенда 172 млн, йўловчи поездларда 9 млн 300 минг йўловчи ташилган бўлса, 2024-йилда метрополитенда 270 млн, йўловчи поездларда 10 млн 70 минг, шунингдек, автомобил транспортида 8 млрддан ортиқ йўловчиларни ташишга эришилди. Бундан ташқари, 2024-йил давомида темир йўл транспортида 102,7 млн тонна юк ташилган бўлса, автомобил транспортида 2 млрд тоннадан ортиқ  юк ташилган.

Бу эса ўз навбатида давлат назоратини амалга оширишда йўловчи ва юкларни манзилига ўз вақтида хавфсиз етказиш, уларга хизматлар кўрсатиш жараёнининг узлуксизлиги, сифатлилиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш лозимлигини тақозо этмоқда.

Амалдаги қонунчиликда темир йўл ташишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганида Транспорт назорати инспекцияси юридик шахсга нисбатан фақат кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.

Жумладан, темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда 2024 йилда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ 130 та ҳодиса содир этилган. Натижада ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл инфратузилмасига қарийб 4 млрд сўм моддий зарар етказилган. Худди шунингдек, мамлакатимиз автомобил йўлларининг тартибга солинмаган темир йўллари кесишмаларида поездлар ҳамда автотранспорт воситалари иштирокида 2024-йилда 38 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Шу боис Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 113-1-модда билан тўлдирилиб, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида  жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Муҳокама қилинаётган Қонун билан халқаро ва шаҳарлараро автомобил ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонун транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда юк ва йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг