Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кучли таъсир қилувчи дори воситалари фош этилди

Кучли таъсир қилувчи дори воситалари фош этилди

Деярли ҳар куни кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ хабар эшитамиз. Бирда ДХХ, бирда ИИББ, бирда Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент, бирда божхона ушбу турдаги жиноятлар ҳақида маълумот беради.

Ички ишлар ходимлари дорихона эшигини бузиб кириб, «Тропикамид» сотувчиларини ушлашган бўлса, ДХХ Тошкентда тезкор тадбир ўтказиб, бир гуруҳ катта миқдорда психотроп модда олиб кетаётганларни ушлади.

Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида тўхтаб турган, фуқаро Қ.Ж. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автоулов белгиланган тартибда кўздан кечирилганда олд йўловчи ўриндиғи пастки қисмида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 300 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда йўловчи З.Ж. тегишли, ишга алоқадор 407 АҚШ доллари ва қарийб 3 млн сўм пуллар борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилган ҳолда фуқаро Қ.Ж.нинг вақтинча яшаб келаётган Сергели туманида жойлашган хонадони ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Кўздан кечириш жараёнида хонадон ичида хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1215 дона «Тропикамид» ва 2100 дона «Регапен прегабалин» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, яна бир ҳолатда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида Чилонзор тумани ҳудудидаги меҳмонхоналарнинг бирида фуқаро А.А.га бириктирилган хона холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада унга тегишли 2 дона сумкада жами 4530 дона капсулада кучли таъсир қилувчи дори воситаларига ўхшаш моддалар борлиги аниқланди. Экспертиза хулосасига кўра, далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган мазкур дори воситаси таркибида соф оғирлиги 45,3 гр. «залеплон» номли кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги маълум бўлди.

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент чегарасида жуда катта миқдорда гиёҳвандлик моддалари ҳам фош этилгани хабар қилинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг