Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек футболининг глобал кучи: кимлар хориж клубларида порламоқда?

Ўзбек футболининг глобал кучи: кимлар хориж клубларида порламоқда?

Европа футбол харитаси Ўзбекистон байроғи билан тобора кўпроқ безалмоқда. Бугунги кунда ўзбек футболчилари ўз клубларининг ажралмас қисмига айланиб, чемпионлик пойгаларига таъсир кўрсатмоқдалар. Уларнинг муваффақиятлари спорт янгиликларининг бугунги кун тартибидан тушмаяпти.. Ҳар бирининг шахсий йўли «Оқ бўрилар» учун янги ва шижоатли саҳифа очяпти.

Хўш, футболчиларимизнинг Европадаги келажаги қанақа? Tribuna.uz айнан шу масалага батафсил тўхталади.

Кутилаётган Истанбул тандеми

2025 йилнинг ёзи Ўзбекистоннинг энг ёрқин икки юлдузи – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевнинг «Башакшехир»га ўтиши билан ёдда қоладиган бўлди. Истанбул клуби улар учун янги босқич бошланганини англатади. Шомуродов Италияда қимматли, аммо унчалик ҳам барқарор бўлмаган даврини ўтказди. Эндиликда у ўз клубида етакчиликни зиммасига олиш имконига эга бўлади. Тан олиш лозим, Элдорда бундай имконият на Россияда ва на Италияда бўлган. Гарчи у «Рома» билан УЕФА Конференциялар Лигасида ғалаба қозонган бўлсада, клубдаги етакчилик роли бошқаларда эди. Элдор ҳали бирор марта ўз клубида сардорлик боғичини билагига тақмаган ва "Башакшехир" унга шундай имкониятни тақдим этиши мумкин. Ҳаммаси Шомуродовнинг ўз қўлида.

«ЦСКА»нинг креатив двигатели сифатида Европа саҳнасига кириб келган Файзуллаев эса бу трансфер орқали сезиларли даражада олдинга қадам ташлайди. Россия чемпионати бизда қанчалик қизиқиш билан кузатилмасин, Европа учун шунчаки ўртамиёналар қаторида турарди холос. Рус клублари еврокубоклардан четда қолгани эса уларнинг қадрини янада тушириб юборди. Аҳвол шу кетишда давом этса, Аббос "ЦСКА"да йилига 30 та гол урса ҳам кучли бешликка ўтиши қийин эди. Конфедерациялар лигасида қатнашадиган "Башакшехир" билан эса бу иш каррасига осон бўлиши мумкин.

Бу икки футболчининг терма жамоада шаклланган ҳамкорлиги Туркия Суперлигасида ҳам намоён бўлса, истиқболда катта шов-шув кўтариши тайин.

Манчестердаги ўзбек қўрғони: Абдуқодир Ҳусанов

Ўзбек футболи юксалиб бораётганининг энг муҳим белгиси, шубҳасиз, Абдуқодир Ҳусановнинг "Манчестер Сити" таркибида экани бўлса керак. Дунёнинг энг юлдузли ҳимоя чизиқларидан бирига кириш улкан вазифа – Ҳусанов шунчаки у ерда бўлиб туриши футболимиз учун катта аҳамият касб этади. Ёш марказий ҳимоячи ўтган мавсум ўртасида янги клубга ўтган бўлсада, қисқа вақт ичида ўзини кўрсатиб, ёшига хос бўлмаган мақтовларга сазовор бўлди. Дунёнинг энг яхши мураббийлари қўл остида Ҳусанов шунчаки ривожланмаяпти, у яқин келажакда ўзбек ҳимоячиларининг кейинги авлоди учун ўзига хос эталонга айланмоқда. Бизга айнан шунақа футболчи керак эди!

Қитъа бўйлаб бошқа истеъдодлар

Ўзбек футболи мудом истеъдодларга бой бўлган, аммо ҳали ҳеч қачон бу қадар эътирофга сазовор бўлмаган эди. Бир вақтлар Азамат Абдураимов Малайзияда ўйнагани газеталарда шов-шув қилинган бўлса, бугун жануби-шарқий Осиё мамлакатларида қанча футболчимиз тўп сураётганини аниқ билмасак ҳам керак. Келинг, шунинг учун эътиборимиз марказини терма жамоадаги етакчи футболчиларга қаратамиз:

Хусниддин Алиқулов («Ризеспор», Туркия): Ишончли ва қатъиятли марказий ҳимоячи, Туркия чемпионатида ўз жамоаси ҳимоя чизиғининг таянчига тезда айланди.

Остон Ўрунов («Персеполис», Эрон): Эрон чемпионатида ўз клуби учун доминант куч бўлиб, фаолиятида қайта юксалишга эришган ҳужумкор ярим ҳимоячи.

Жалолиддин Машарипов («Истиқлол», Эрон): Маҳоратли вингер Эрон чемпионатида техник қудрат ва етакчилик манбаи бўлиб қолмоқда.

Ўткир Юсупов («Фулад», Эрон): Тажрибали дарвозабон Эрон биринчилигида ўлжасига ташланаётган бургутга қиёсланади.

Футболчиларимизнинг муваффақияти шунчаки шахсий ютуқ эмас, балки унданда кўпроқ маъно касб этади. Шу ўринда таъкидлаб ўтайлик, футболимиз тарихида бугунгидан кўра истеъдодлироқ авлод бўлгандир, аммо юрт жамоасига, Ўзбекистон миллий терма жамоасига бу қадар садоқатли таркиб бўлмаган. Шомуродов бўлсин, Файзуллаев ёки Хусанов, ҳар бири мудом терма жамоани клубидан устун қуйган ва буни очиқ, баралла айтишдан тортинмаган.

Бу эса миллатнинг орзу-умидларини юксакларга кўтараётган, умидларни йирик турнирларда аниқ натижаларга айлантирадиган катта кучдир. Насиб қилса, яқин келажакда ўзбек йигитлари катта турнирларда совринларни боши узра кўтараётганини кўрамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг