Ўзбек олимлари янги резонанс заррачани кашф қилишди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Беҳзод Юлдашев илмий раҳбарлигидаги ўзбек физик-олимлар гуруҳи жаҳонда илк бор янги элементар заррача мавжудлигини экспериментал тарзда кўрсатишди.
Бир нуклонга 3.4 GeV энергияли карбон ядроларининг карбон ядролари билан тўқнашувларининг таҳлили натижасида иккита протон ва битта pi-мезондан иборат саккиз кваркли тизимда янги резонанс заррача топилди.
Кашф этилган қисқа яшовчи заррачанинг массаси 2118 ± 1 MeV/c2 га тенг бўлиб, унинг яшаш даври кучли ўзаро таъсир вақтига қараганда нисбатан катта бўлиши кўрсатилди (янги резонанс заррачанинг кенглиги 4 MeV/c2 дан ошмайди).
Кузатилган резонанс структуранинг фон тақсимотидан экспериментал ошиши 122 ± 20 ҳодисани ёки 4.5 стандарт хатоликни (сигмани) ташкил этди.
Янги резонанс заррача тўғрисида олинган натижалар муаллифлар томонидан World Scientific халқаро нашриёт компаниясининг Web of Science ҳамда Scopus базаларида индексацияланган нуфузли International Journal Of Modern Physics E (Nuclear Physics) номидаги илмий журналда чоп этилди. Илмий мақола билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Ҳозирда мақола муаллифлари янги заррача кузатилиши мумкин бўлган ядровий тўқнашувларга оид бошқа экспериментал маълумотларни таҳлил қилишмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter