Ўзбекистон ва БАА ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиши мумкин
Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов ва БАА ИИВ раҳбари ўринбосари Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар ўзаро амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва кибержиноятларга қарши биргаликда курашиш, мазкур йўналишларда ходимларнинг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни муҳокама қилдилар ҳамда истиқболдаги режаларни белгилаб олдилар.
Ташриф доирасида «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида»ги Англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланди.
Мазкур Англашув меморандумининг кучга кириши билан ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда (узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шунингдек, БАА резиденти бўлган (узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари эса Амирликлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январь кунидан кучга кириши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон ИИВ делегацияси БАА Ички ишлар вазирлиги тизимидаги қатор муассасалар фаолияти билан яқиндан танишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter