Ўзбекистон афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди
Ўзбекистондан 185 тоннадан ортиқ зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган навбатдаги инсонпарварлик юклари карвони Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистоннинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳрига етказилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15,7 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 20 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган хамир (лапша) ўрин олган.
Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Афғонистон Иқтисодиёт вазири Дилмуҳаммад Ҳаниф ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек, икки давлат расмийлари иштирокида ҳудудларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасида музокаралар ўтказилди. Тадбирда иштирок этган афғонистонлик расмийлар Муборак Рамазон ойида кўрсатилаётган бу каби амалий ёрдам учун Ўзбекистон халқига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter