Ўзбекистон икки қўшниси билан футбол бўйича Осиё кубоги – 2031’ни қабул қилишга даъвогар
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) 2031 ва 2035 йилларда ўтказиладиган Осиё кубоги турнирларини қабул қилиш учун номзодлар рўйхатини эълон қилди. Унда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан тақдим этилган қўшма ариза ҳам ўрин олган. Бу ҳақда ОФК расмий сайтида маълум қилинди.
ОФК президенти шайх Салмон бин Халифа таклифига кўра, Осиё кубоги-2031 ва 2035 мезбонлик масаласи махсус конгрессда кўриб чиқилади. Конгресс санаси ҳали аниқланмаган.
Осиё кубоги - 2031’ни ўтказиш учун Австралия, Ҳиндистон, Индонезия, Жанубий Корея ва Қувайт якка ҳолда даъвогарлик қилмоқда. Марказий Осиёдан эса Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон қўшма ариза тақдим этган. Бирлашган Араб Амирликлари эса ўз номзодини қайтариб олган.
Осиё кубоги-2035 учун Австралия, Япония, Жанубий Корея ва Қувайт ариза берган. Марказий Осиё давлатлари бу сафар «захира» вариант сифатида қатнашишдан воз кечган.
Экспертлар фикрича, Марказий Осиё учун Осиё кубоги турнирини қабул қилиш ҳам катта имконият, ҳам катта масъулият ҳисобланади. Қирғизистонлик спорт журналисти Тенгербес Мусаев инфратузилма ва кадрлар масаласи ҳозирча асосий тўсиқ эканини таъкидлаган бўлса, футболнинг сўнгги йилларда жадал ривожланаётгани умид уйғотишини айтди.
Тожикистон футбол федерацияси матбуот хизмати раҳбари Фаридун Салиев эса, агар ОФК хоҳиш билдирса, Марказий Осиё мамлакатлари турнирни юқори савияда ўтказа олишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Осиё кубоги минтақада футбол инфратузилмасини ривожлантиришга кучли туртки беради.
Ўзбекистонлик спорт блогери Евдоким Раимов эса Ўзбекистон йирик халқаро мусобақаларни қабул қилишга тўлиқ тайёр эканини таъкидлади. У мамлакатда 20 ёшлилар ўртасида Осиё кубоги ва футзал бўйича жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилганини эслатди.
Агар қўшма ариза қўллаб-қувватланса, Осиё кубоги – 2031 тарихда илк бор Марказий Осиё минтақасида ўтказилиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter