Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Каспий денгизида ўз паромларини ишга туширишни режалаштиряпти

Ўзбекистон Каспий денгизида ўз паромларини ишга туширишни режалаштиряпти

Ўзбекистон Каспий денгизида ўз паромларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Озарбайжон ташқи савдо ташувлари, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши орқали муҳим йўналиш ҳисобланади. Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи чоғида Озарбайжон Ўзбекистон учун контейнер темир йўл ташувлари бўйича имтиёзларни 2026 йилгача узайтирди.

Биз Ўзбекистон компанияларининг Каспий денгизида паромларни бошқариш ишлари бўйича келишувга эришдик. Каспий денгизи орқали юк ташиш ҳажми ошгани сабабли, паромлар 30−40 кун давомида кутилмоқда ва юклар кечикмоқда. Ўзбекистонлик тадбиркорлар Туркия компаниялари билан биргаликда Каспий денгизида паромларни ишга туширишга қарор қилишди» — дейди Илҳом Маҳкамов.

Унинг сўзларига кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида қўшимча транзит ҳажмини таъминлайди. Томонлар, шунингдек, ўсиб бораётган юк ташиш ҳажмини қайта ишлаш учун инфратузилмани кенгайтириш ва модернизация қилишга келишиб олган.

2 июл куни Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида кемачилик ва кемасозлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланди. Ҳужжат икки давлат транспорт вазирликлари ўртасида имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш, Боку ва учинчи давлатлар портларида омборлар ва логистика марказларини қуриш имкониятларини муҳокама қилганди.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Тренд нашри хабардор манбасига таяниб, Ўзбекистон ва Озарбайжон биргаликда паром ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Лойиҳани молиялаштириш ҳажми $150 млн ни ташкил этади.

Томонлар транспорт ва транзит соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича бошқа чора-тадбирларни ҳам ишлаб чиқмоқда. Улар орасида омбор инфратузилмасини биргаликда қуриш ва Транскаспий йўналиши бўйлаб юк ташишни ривожлантириш учун қўшма корхона ташкил этиш бор.

Аввалроқ Тошкент ҳокимлиги Озарбайжон компаниялари билан $400 млнлик шартномалар тузгани ҳақида хабар берилганди. Лойиҳалар 5 юлдузли меҳмонхона, турар-жой мажмуаси ва савдо марказини қуриш, ресторан ва қаҳвахоналар тармоғини ишга туширишни ўз ичига олади.

Манба: spot.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг