Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Миллий университетида «Карьера куни» меҳнат ярмаркаси ташкил этилди

Ўзбекистон Миллий университетида «Карьера куни» меҳнат ярмаркаси ташкил этилди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида талабалар ва ўқишни тамомлаётган ёш мутахассислар билан ташкилот, корхона вакилларининг жонли мулоқотини ташкил этиш, мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериш ҳамда талабаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида «Карьера куни» меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Меҳнат ярмаркасида университетнинг асосий буюртмачи ташкилотлари ҳамда 100 дан ортиқ бошқа корхона ва ташкилотлар (тижорат банклари, суғурта компаниялари, хусусий сектор ташкилотлари, уюшмалар) иштирок этди. Битирувчиларга тегишли тармоқлар ва мутахассисликлар бўйича кўплаб бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2024 йил 23 феврал куни «Ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари»га бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, мазкур йиғилишда ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган ва бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур меҳнат ярмаркаси давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан «Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз!» шиори остидаги «Талабалар баҳори — 2024» анъанавий фестивали доирасида ташкил этилди.

Жорий ўқув йилида университетни 7000 дан ортиқ битирувчи тамомлаб, диплом олади. Меҳнат ярмаркаси ушбу битирувчиларга муносиб иш ўринларини топишлари учун хизмат қилади.

Бугунги кунда университетда талабаларни ишга жойлашишларига кўмаклашиш мақсадида «Карьера ва бандлик маркази» фаолият олиб боради. Ушбу марказ иш берувчи ташкилот, корхона ва муассасалар билан талабаларнинг учрашувларини ташкиллаштириб келмоқда. Марказ томонидан сўнгги 2 йилда 8000 дан ортиқ талабаларга муносиб иш ўринларини топишларига кўмаклашилган.

Бугунги «Карьера куни» меҳнат ярмаркаси ҳам шундай тадбирларнинг рамзий давоми сифатида ташкил этилиб, унда иш излаётган 10000 га яқин талабалар иштирок этди.

Тадбирда иш берувчи корхона ва ташкилотлар масъул ҳодимлари ўз фаолиятини ёритувчи кўргазмали жиҳозлар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан қатнашиб, талабалар орасида ишга қабул қилиш бўйича танловлар ўтказди.

Мазкур тадбирда талабалар ва университет битирувчилари ишга жойлашиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топишди, хусусан, иш берувчи корхона ёки ташкилотдаги мавжуд вакант ўринлар, у ердаги меҳнат ва маиший-маданий шарт-шароитлар, иш ҳақи миқдорлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконияти эга бўлишди.

Ўз навбатида тадбирда қатнашган корхона ва ташкилотлар ҳам талабалар билан бевосита суҳбат ўтказиш, ўзларига зарур бўлган кадрларни танлаб олиш ва ўзаро манфаатли шартномалар ҳамда келишувлар расмийлаштириш имкониятига эга бўлишди.

Ҳозирги кунда университетда математика-физика, кимё-биология, экология, ижтимоий фанлар, тарих, социология, психология ва бошқа йўналишларда мутахассислар тайёрланмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг