Ўзбекистон-Покистон: умумий мерос ва интилишлар ришталари нишонланди
Тошкентдаги Покистон элчихонасида «Дўстлик оқшоми: Ўзбекистон-Покистон – умумий мерос ва интилишлар ришталарини нишонлаш» деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда икки давлат – Покистон ва Ўзбекистонни бирлаштириб турган бой маданий алоқалар, умумий тарих ва чуқур илдизга эга дўстлик ришталари борасида сўз юритилди.
Шунингдек, Покистон биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган давлат ҳисобланиши, 1992 йилда биринчи бор мамлакатлар ўртасида юқори даражада расмий делегациялар алмашинуви бўлиб ўтгани ёдга олинди.
«Бу эса Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги алоқаларнинг асосий тамойилларига асос солган эди. Шундан бери мамлакатларимиз раҳбарларининг ўзаро расмий ташрифлари мунтазам тус олди», – дейди Тошкент давлат Шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева.
Тадбирда, шу билан бирга ўзбек ва урду тилларида яратилган дабий-тарихий мерос ҳамда бу борада олиб борилган илмий ишланмалар эътироф этилди.
«Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чуқур илдиз отган ва кўп қиррали дўстликка бағишланган бу оқшом умумий тарихимиз ва ўзаро боғлиқ келажагимиз ришталарини нишонлаш учун шу ерда тўпланганимиз менга катта мамнуният бағишлайди.
Покистон-Ўзбекистон муносабатлари шундай кенгайдики, бир оқшомнинг ўзи кифоя қилмайди. Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар тарихи кўп асрларга бориб тақалади. Иккала мамлакат ҳам бой меросга эга ва вақт ўтиши билан уларнинг ўзаро муносабатларига таъсир кўрсатган умумий маданий алоқаларга эга. Маданий алоқаларининг муҳим жиҳатларидан бири Марказий Осиёни Покистон билан боғлаган тарихий Буюк Ипак йўлидир. Ушбу савдо йўли товарлар, ғоялар ва қадриятлар алмашинувини осонлаштирди», – дейди Покистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси Аҳмад Фаруқ.
Покистон элчихонасида бўлиб ўтган тадбир ҳамжиҳатлик тимсоли бўлиб, икки халқнинг умумий жиҳатлари ва муштарак меросини, янада порлоқ келажакка интилишини намоён этиши таъкидланди.
«Дўстлик оқшоми» якунида «Манго фестивали»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шарофиддин Тўлаганов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter