Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Президенти 2 та халқаро ташкилот саммитларида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон Президенти 2 та халқаро ташкилот саммитларида нутқ сўзлайди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 октябрь кунлари ЕОИИ ва МДҲнинг видеоалоқа шаклидаги саммитлари ишида иштирок этади. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.

14 октябрь куни давлатимиз раҳбари Қозоғистон раислигида ўтказиладиган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида кузатувчи мақомида нутқ сўзлайди.

Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари, Арманистон Бош вазири Кенгаш аъзолари ҳисобланади. Йиғилишда кузатувчи сифатида Куба Президенти ҳам сўзга чиқиши кутилмоқда.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида ЕОИИ билан амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб беради.

Ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақоми мамлакатимизга ўтган йил декабрь ойида берилганини таъкидлаш жоиз. Жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган Қўшма тадбирлар режаси қабул қилинди.

15 октябрь куни эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси бўлиб ўтади. Унинг ишида Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилари иштирок этиши кўзда тутилган.

Беларусь раислигида ўтказиладиган тадбирда ташкилотнинг 30 йиллик фаолиятидаги кўп томонлама ҳамкорлик якунлари, шунингдек, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, миграция, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги шерикликни янада кенгайтириш борасидаги қўшма режалар кўриб чиқилади.

Хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш ҳамда кенг минтақада барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.

Ҳамдўстликда ҳамраислик қилаётган Ўзбекистон Президенти МДҲни ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепцияси мақсад ва вазифаларига эришиш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари суради.

Тадбир якунида МДҲ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кўп томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг