Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Президенти «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирланди

Ўзбекистон Президенти «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирланди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва қардош туркман халқига юксак давлат мукофоти учун чуқур миннатдорлик билдирди.

«Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан», — деди Ўзбекистон президенти.

Бой тарихий тажриба, қардошлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Кейинги йилларда муҳим иқтисодий ва гуманитар лойиҳалар амалга оширилди, ўзаро савдо ҳажми ва кооперация кўлами кескин ошди.

Ўзбекистон етакчиси Арқадағ ва минтақанинг барча давлатлари раҳбарлари Марказий Осиёда ҳамкорликни илгари суришга улкан ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Бугун бутун халқаро ҳамжамият минтақавий шериклик ва ўзликнинг янги моделини барпо этишдаги умумий муваффақиятларимизни эътироф этаётгани таъкидланди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари юксак мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, қардош туркман халқини шу кунларда ўтаётган БМТ конференцияси билан табриклади ҳамда жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасидаги глобал саммит муваффақиятли ўтишини тилади.

Маълумот учун, «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени 2017 йил 30 сентябрда таъсис этилган. Мукофот хорижий давлатларнинг таниқли давлат ва жамоат арбобларига халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари, шунингдек, Туркманистоннинг хорижий давлатлар билан иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шахсларга берилади.

Бугунги кунга қадар 4 хорижий давлат арбоби ушбу орден билан тақдирланган. Улар орасида Россия президенти Владимир Путин (2017 йил 1 октябрь) ва Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған (2021 йил 29 ноябрь), Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко (2022 йил 12 май) ва Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафарова (2022 йил 8 декабрь) бор.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти бошқа хорижий давлатларнинг нуфузли медаль ва орденлари билан ҳам тақдирланган. Жумладан, Қирғизистон Республикасининг «Данакер» ордени (2017 йил 22 ноябрь) Қозоғистон Республикасининг «Дўстлик» ордени (2018 йил 14 март), Россия Федерациясининг «Александр Невский» ордени (2022 йил 15 сентябрь) Франция Республикасининг «Фахрий легион» ордени (2025 йил 13 март).

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг