Ўзбекистон президенти ва Малайзия бош вазири баёнот билан чиқдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.
Етакчилар очиқ, ишончли ва дўстона муҳитда ўтган саммитнинг самарали натижаларини юқори баҳоладилар.
Давлатимиз раҳбари икки халқ ўртасидаги умумий дин, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган азалдан яқин алоқаларни алоҳида таъкидлади.
– Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат, бизнинг вақт синовларидан ўтган ишончли ҳамкоримиздир. Ҳар икки мамлакатда миллий мустақиллик байрами бир санада – 31 август куни нишонланиши ҳам рамзий маънога эга, – деди Ўзбекистон Президенти.
Ривожланиш ва модернизацияга қаратилган «Ўзбекистон – 2030» ва «Малайзия Мадани» стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш экани таъкидланди.
Малайзия Бош вазирининг бугунги тарихий ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очиши ва уларнинг ривожланишига кучли суръат бағишлаши қайд этилди.
Музокаралар чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича устувор йўналишлар ва янги марралар белгилаб олинди.
Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот ва алоқаларни фаоллаштириш, қўшма Ҳукуматлараро комиссияни ишга тушириш юзасидан келишувларга эришилди.
Яқин келажакда икки томонлама муносабатларни кенг қамровли ҳамкорлик даражасига олиб чиқишга ўзаро интилиш билдирилди.
Етакчилар товар айирбошлаш ҳажмини ва қўшма корхоналар сонини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Томонлар бу кўрсаткичларни яқин келажакда бир неча баробарга ошириш борасида тизимли ишларни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Давлатимиз раҳбари бу мақсадга эришишда товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва ўзаро савдонинг мувозанатлилигини таъминлаш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, юқори технологияли лойиҳаларни илгари суриш учун махсус саноат зонасини яратиш лозимлигини таъкидлади.
Энергетика, нефть-кимё, тоғ-кон, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, молия, IT ва бошқа тармоқларда кооперация бўйича аниқ режалар белгиланди.
Эртага Самарқанд шаҳрида икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокида бўлиб ўтадиган бизнес форумининг натижалари, имзоланадиган салмоқли инвестиция битимлари ҳамкорликка янги мазмун бағишлашига ишонч билдирилди.
Минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида яқин мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилиш тасдиқланди.
Маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга, жумладан, маданият ҳафталиклари, ёшлар, таълим ва спорт форумлари, турли кўргазмаларни ўтказишга қаратилган чоралар қабул қилинади.
Саммитнинг натижалари Ўзбекистон-Малайзия муносабатларини мустаҳкамлашга, кўп қиррали ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.
Музокаралар якунлари бўйича барча эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter