Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон респондентларининг 86 фоизи турмуш даражаси яхшиланаётганини билдиришди

Ўзбекистон респондентларининг 86 фоизи турмуш даражаси   яхшиланаётганини билдиришди

фото: (CERR) «GALLUP»

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) «GALLUP» тадқиқот ва консалтинг ташкилоти томонидан жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида тайёрланаётган йиллик глобал сўровнома (Gallup World Poll) бўйича ҳисоботини таҳлил қилди.

Gallup 2022 жаҳон сўровида Ўзбекистон постсовет (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Беларусь, Молдова, Украина) Евроосиё минтақаси мамлакатлари орасида фаровонлик индекси бўйича энг яхши натижалардан бирини кўрсатган. Яъни фаровонлик индекси (0 дан 10 баллгача) 6,0 баллни ташкил этди, ушбу индекснинг минтақадаги ўртача кўрсаткичи эса 5,7 баллга тенг.   

Сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг 39 фоизи ҳозирги кунда ўз фаровонлиги ошиб бораётганлигини таъкидлаган, бу минтақавий ўртача 30 фоиздан сезиларли даражада юқори.

Ўзбекистон аҳолисининг атиги 2 фоизи ўз ҳаётларида қийинчиликларга дуч келаётганликларини қайд этишган, бу минтақавий ўртача кўрсаткичдан 6 фоизга паст. Шу билан бирга, Gallup баҳолашларига кўра, пандемия давридан сўнг аҳолининг фаровонлиги энг тез тикланган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонликлар келгуси 5 йилдаги фаровонлигини 8,7 балл деб баҳолаганлар. Хусусан, келажакдаги фаровонлигини кутиш борасида Ўзбекистон минтақада энг яхши натижани кўрсатган, минтақанинг ўртача кўрсаткичиэса 7,4 баллни ташкил этган.

Респондентларнинг 86 фоизи ҳозирги пайтда турмуш даражаси яхшиланаётганлигини билдиришган ва ушбу кўрсаткичнинг минтақадаги ўртача даражаси 40 фоизни ташкил этган.

Сўровда қатнашган Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи ҳозирги молиявий ҳолатидан қониқаётганлигини билдиришди, бу минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, минтақа учун ўртача кўрсаткич 60 фоизни ташкил этган.

Маълумот учун: Gallup 2005 йилдан бери ҳар йили 160 мамлакат ўртасида (ҳар бир давлатдан 1000 киши) дунё бўйлаб сўров ўтказиб келмоқда, бу 15 ёшдан ошган дунё аҳолисининг 98%ини ташкил қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг