Ўзбекистон спорти учун ажратилган маблағларнинг 27 млрд сўми «туя» қилинган

Бош прокуратура 2019-2021 йилларда Ўзбекистон спортига ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилганини ва ўрганиш жараёнида кўплаб талон-торожликлар аниқланганини маълум қилди.
Қайд этилишича, 3 йил давомида 464 та спорт муассасаларида жами 27 млрд. сўм зарар аниқланиб, унинг 10 млрд. сўми ундирилган.
Соҳа ривожи учун ажратиб келинган бюджет маблағлари турли йўллар билан талон-торож қилинган.
Жумладан, ҳудудий спорт муассасалари томонидан 20 та ҳолатда 8 млрд. сўмлик маблағлар иш ҳақи ва бошқа тўловлар сифатида ўзлаштириб олинган.
Мисол учун, Фарғона олимпия захиралари коллежи бош ҳисобчиси жами 4,3 млрд. сўм маблағни ўзига иш ҳақи сифатида олиб, талон-торож қилган.
Спорт муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишларида эса 25 та ҳолатда 10 млрд. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.
Шунингдек, спорт-таълим муассасаларини жорий таъмирлаш учун ўтказилган танловларда 72 та коррупциявий ҳолатларга йўл қўйилган.
Масалан, Бухоро олимпия захиралари коллежини жорий таъмирлаш учун танловда таъсисчиси Б.Қ. бўлган 4 та корхона қатнашиб, уларнинг биттаси ғолиб деб топилган.
Спорт жиҳозлари 8 та ҳолатда 4,2 млрд. сўмга қиммат нархларда сотиб олиниб, маблағлари талон-торож қилинган.
Ўтказилмаган ўқув машғулот йиғинлари ўтказилганлиги ҳақида 10 та ҳолатда ҳужжатлар сохталаштирилиб, 4,3 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилган.
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1 150 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 431 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди ҳамда 66 та жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter