Ўзбекистон ва Малайзия савдо айланмаси сезиларли миқдорда ошди
Жорий йилнинг 10 ойида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,9 фоизга ўсди ва 81,3 миллион долларга етди. Бу ҳақда Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорациясининг (MATRADE) Ўзбекистондаги вакили Улуғбек Асланов «Xabar.uz»га маълум қилди.
2022 йил якунлари бўйича икки давлат савдо айланмаси 71,8 миллион долларни ташкил қилган эди.
Ўтган йили Малайзия Ўзбекистонга асосан пальма ёғи, какао кукуни, қуюлтирилган сут каби озиқ-овқат ва хомашё маҳсулотларини экпорт қилган. Шунингдек, Жануби-шарқий Осиё мамлакатидан электротехника ва электроника маҳсулотлари ҳамда тиббий анжомлар келтирилган.
Ўзбекистон эса Малайзияга асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда кимёвий ўғит етказиб берган.
MATRADE вакилига кўра, сўнгги йилларда Тошкент Куала-Лумпурнинг Марказий Осиёдаги иккинчи савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда. Малайзиянинг минтақадаги умумий савдоси 41,2 фоизи Ўзбекистон улушига тўғри келади.
Охирги йилларда икки давлат ўртасида ҳалол саноат йўналишида ҳам робиталар кенгайиб бормоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни Дубайда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида Малайзия подшоҳи Султон Абдуллоҳ Риоятуддин Ал-Мустафо Биллоҳ Шоҳ билан учрашди.
Музокарада ўзаро савдо ҳажми ошаётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Етакчилар келгуси йилда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олди.
Ушбу олий даражадаги учрашув якунига баҳо берган Малайзия ташқи ишлар вазири Замбри Абдул Қодир 2024 йилда икки давлат ўртасида учинчи савдо қўмитаси йиғилиши ҳам ташкил этилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Малайзия ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2023–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter