Ўзбекистон ва ОТБ ҳамкорлигининг 30 йиллиги муносабати билан экологик акция ўтказилди

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Осиё Тараққиёт банки ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллиги муносабати билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан плоггинг ташкил этилди. Унда 50 дан ортиқ соҳа ходимлари фаол қатнашди. Плоггинг доирасида Тошкент денгизи соҳили бўйи 300 кгдан ортиқ чиқиндилардан тозаланиб, махсус техника ёрдамида бартараф этилди.
Мазкур эко-тадбир жорий «Халқаро соҳилларни тозалаш» ҳафталиги доирасида ўтказилди. У дунёдаги йирик ижтимоий ҳаракатлардан бири бўлиб, сув ҳавзалари бўйини муҳофаза қилиш ва тозалаш мақсадида амалга оширилади.
«Атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш — кичик, лекин доимий ҳаракатлардан бошланадиган кундалик масъулият аслида. Гувоҳи бўляпмиз, Ўзбекистонда ҳам экологик ҳаракатлар тобора кучайиб бормоқда ва бу ҳаракатлар глобал ўзгаришларга ҳисса қўшиши билан муҳим саналади. Бугунги плоггинг орқали биз ҳам янада тоза ва соғлом сайёра учун ғамхўрлик қиляпмиз. Бу борадаги ҳамкорлик учун Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига самимий миннатдорчилик билдирамиз. Агентликнинг чиқиндиларни бошқаришда барқарор амалиётларни илгари суришдаги етакчилиги Ўзбекистон учун янада яшил келажакни шакллантиришга хизмат қилмоқда», – дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая хоним.
Шунингдек, тозалик тадбири иштирокчилари томонидан ҳар бир йиғилган чиқинди — бу табиатни асраш, уни муҳофаза қилиш ва келажак авлодга тоза, соғлом сайёра қолишига ҳисса қўшишдаги қадамлиги алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун: Осиё Тараққиёт банкига 69 та давлат аъзо бўлган. Ўзбекистон билан 1996 йилдан буён ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, биргаликда ҳозиргача 117 та лойиҳа амалга оширилган. Лойиҳаларнинг барчасида экологик ва гендер тенглик ҳамда «яшил иқтисодиёт» мезонларига устунлик талаб этилади. Бу эса ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамлиги ва умумий тараққиёт мақсадлар якдиллигининг исботидир.
Шу куни эко-тадбир доирасида соҳа ходимлари учун ўзаро малака ошириш амалий семинарлари ҳам ташкил этилди. Жараёнлар нафақат инфратузилма ва хизмат сифати яхшиланиши, қолаверса соҳада жамоа билан ҳамжиҳатлик, умумий масъулиятнинг келгуси ривожи йўлида хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter