Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари ҳамкорликда махсус-тактик ўқув ўтказди

Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари ҳамкорликда махсус-тактик ўқув ўтказди

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги «Оймаша» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли кучлари махсус бўлинмалари ҳамкорлигида махсус-тактик ўқувлар ўтказилди.

Жараённи Қозоғистон мудофаа вазири, генерал-полковник Руслан Жақсилиқов ва Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов бевосита кузатган.

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги хабарига кўра, ҳарбий хизматчилар тезкор куч ва воситалар билан ҳамкорликда шартли душманни яксон этиш бўйича ҳаракатларни амалга оширган.

Махсус бўлинмалар учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб бориб, террорчи гуруҳлар жойлашган ҳудудни аниқлаган.

Бўлинмалар замонавий қуролли можаролар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янги тактик усулдан фойдаланиб, ҳамкорликда яқин масофада жанг қилган. Белгиланган вазифани бажариш вақтида оловли қўллаб-қувватлов гуруҳига зирҳланган техникалар ҳамроҳлик қилган ва шартли душман яксон этилган.

Шунингдек, тунги шароитда батальон тактик гуруҳлари ўқув машғулоти ўтказилган. Хусусан, батальон тактик ўқувлари қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг энг замонавий намуналарини қўллаш, авиация ёрдамида умумқўшин бўлинмаларига мадад бериш, ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларида, шаҳар шароитида махсус операцияларни ўз ичига олган.

Қозоғистон мудофаа вазирлиги хабарига кўра, машғулотлар жараёнида жанговар машиналар, артиллерия ва зенит мажмуалари, Ми-8, Ми-35 вертолётлари, Су-30 самолётлари ва Skylark 1LЕX учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланилган.

Таъкидланишича, ҳамкорликдаги ўқувлар Марказий Осиё минтақасида ҳарбий хавфсизликни таъминлашда таҳдидларга қарши тезкор жавоб чораларини ишлаб чиқиш, эҳтимолий кескин вазиятларга доимо шай туриш, сўнгги технологиялар ёрдамида ҳарбий хизматчилар кўникмаларини оширишга қаратилган.

Машғулотлар якунида мудофаа вазирлари иштирокчиларнинг жанговар қобилиятини юқори баҳолаб, ҳар икки давлат ҳарбий хизматчиларига жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизмати учун кўкрак нишонини топширган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг