Ўзбекистон ва Россия миграция соҳасидаги ҳамкорлигини кучайтиради

Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов раҳбарлигидаги вазирлик ва идоралар делегацияси жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтган меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Тадбирда Россия томонидан РФ Бош прокурори ўринбосари П.Городов раҳбарлигида Бош прокуратура, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа идоралар вакиллари қатнашган.
Тадбир давомида томонлар миграция соҳасидаги амалдаги ҳолат, муаммоли жиҳатлар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилдилар. Йиғилиш иштирокчилари икки давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда миграция соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Икки давлат Бош прокуратуралари Ўзбекистон фуқароларининг Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келиши ҳамда Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари жараёнида уларнинг ҳуқуқларга риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олдилар.
Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи мажлисида қабул қилинган қарорлар акс этган баённомани имзоладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter