Ўзбекистонда блогосфера ва блогерлик қачон пайдо бўлди?
Бугунги кунда интернет инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Деярли барчамиз кунни интернет билан бошлаб, у билан якунлаймиз. Камига барча ахборот манбалари ва янгиликларни ҳам интернет орқали қабул қилинаётган бир замонда блогларнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда.
Интернет тармоғи блоглардан иборат бўлиб, блогларнинг ўзаро бирлашиши эса блогосферанинг тузилишини шакллантиради. Блогларнинг шаклланиши ва ривожланиши Ғарбда юзага келган «Фуқаролик журналистикаси» (citizen journalism) тушунчаси билан бевосита боғлиқ бўлиб, интернет тармоғида ўзининг шахсий саҳифаси яъни блогига эга бўлган фуқаро содир бўлаётган воқеа-ходисаларга ўз муносабатини билдириш орқали юзага келган. Зеро, блоггинг фуқаролик журналистикасининг асосий шаклларидан бири эканлиги бир қатор манбалар билан тасдиқланган.
Блогосфера тушунчаси инглизча «blogosphere» сўзидан олинган бўлиб, интернет тармоғидаги барча блогларнинг йиғиндиси ҳисобланади. Блогосферани «тирик организм» десак муболаға бўлмайди. Сабаби у сўз эркинлигига асосланган интернет фаолиятининг асоси саналади. Блоглар жуда кўп, лекин блогосфера ҳамма учун битта.
Демак, блогосфера – бу маълумотлар манбаи бўлиб, жамоатчилик фикри ва қарашларини ўрганиш учун муҳим муҳит ҳисобланади ҳамда у кўпинча замонавий глобал ижтимоий тенденцияларни ўрганадиган академик ва академик бўлмаган ишларда ҳисобга олинади. Унинг асосини блоглар ва блоггерлар ташкил этади.
Блогларнинг кенг тарқалиши ўтган аср 90-йилларининг иккинчи ярмида бошланган. Биринчи блог 1994 йилда пайдо бўлган, аммо тадқиқотчилар ҳали ҳам биринчи блогни ким яратганлиги ҳақида баҳслашмоқдалар. 2004 йилга кўра 4 миллион блог қайд этилган. 2008 йилги маълумотларга кўра, дунёда 133 миллион блог рўйхатдан ўтган. Яъни 4 йил ичида блоглар сони 33 баравар кўпайган. Албатта уларнинг ярмидан кўпи реклама мақсадида яратилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги 560-II-сонли қонунининг 3-моддасида блогерлик фаолиятига қуйидагича таъриф берилган «Блогер – интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан, ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс».
Юқоридаги қонуннинг 12-моддасида эса веб-сайт ва веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер тарқатиши тақиқланган ахборот материаллари турларининг рўйхати белгилаб қўйилган. Мазкур рўйхатга кўра, жумладан, мавжуд конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитликни зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш таъқиқланиши келтириб ўтилгани блогерга катта масъулият юкланганинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Қонун нормаси веб-сайт ёки веб-сайт саҳифаси эгасидан ахборот материалини жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текширишни ҳам талаб қилади. Мазкур нормалар бажарилмаган ҳолда тегишли веб-сайт ёки веб-саҳифа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкинлиги айтилган.
Бугунги кунда дунё ҳамжамиятида сингари юртимизда ҳам блоггерлик фаолияти ривожланиб бормоқда. Бунинг исботини ҳар йили 14 июнь интернетда «Халқаро блогерлар куни» сифатида юртимизда ҳам нишонланаётгани ва йил якунида блоггерлар фаолиятини сарҳисоб қилишга қаратилган TEHNIKUM Bloggers Award`23, Tashkent Digital Marketing Forum доирасида «Marketing Session» ва «Influencer Session» каби танловлар ўтказилаётгани мисолида кўриш мумкин.
«Халқаро блогерлар куни» ғояси 2004 йилда туғилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 40 дан ортиқ мамлакатдан 500 киши бирлашиб, бутун дунё бўйлаб тармоқ блогерлари ўз кунларига эга бўлиши кераклигини илгари суришган эди. Шунингдек, «Халқаро блогерлар куни» билан бир қаторда, дунё бўйлаб ҳар йили 31 августда «Блог куни» ҳам кенг нишонланади.
Мастура Хаитова
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети
таянч докторанти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter