Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланиши мумкин

Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланиши мумкин

Ўзбекистонда электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимларини (IQOS) муомаласини тақиқлаш кўзда тутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, ушбу маҳсулотлар муомаласини тақиқлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда. 

Маълум қилинишича, сўнгги етти йилда никотин ва тамаки маҳсулотларининг  «замонавий» ёки «инновацион» турлари, хусусан никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, улар учун суюқликлар, геллар, шу жумладан электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимлари, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари Ўзбекистонга кириб келиши ва аҳоли, айниқса болалар ва ёшлар орасида уларни чекиш кескин кўпайган.

Хусусан, 2021-2023 йилларда мамлакатга қиймати 28,5 млн долларлик 5,4 млн дона электрон сигареталар импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткич аввалги йилларга (2018-2020 йилларда 349 минг долларлик 182 минг дона электрон сигареталар импорт қилинган) нисбатан кескин равишда – 80 бараварга ошган. Ушбу даврда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 11,8 млрд сўмлик 105,3 минг дона бундай маҳсулотлар контрабандасининг олди олинган.

Таҳлилларга кўра, электрон сигареталарни чекувчи ўсмирлар ва ёшлар салмоғи катта ёшдагиларга нисбатан уч баробар кўп.

Энг ачинарлиси, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари орасида электрон сигареталарга қизиқиш тез суратларда ортмоқда, хусусан, 26,6 минг ўғил болалар ва 8,6 минг қиз болалар чекишга мойил.

Қайд этилишича, зарур чоралар кўрилмаса, келгусида ёш авлоднинг ҳар бешинчиси (20 фоиз) никотинга қарамликдан азият чекади.

Шу муносабат билан электрон сигареталарни ва тамакини қиздириш тизимларини Ўзбекистонда муомаласини тақиқлаш ва ушбу маҳсулотлар муомаласини тақиқлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда.

Жумладан, Жиноят кодекси 1864-моддаси билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шунингдек электрон сигареталар ва чилимларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, реализация қилиш, олиб кириш БҲМнинг икки юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу моддада назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва ҳуқуқбузарлик ашёларини топширса жазодан озод қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг