Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда «Разведка рейди» мусобақасининг якуний босқичи бошланди

Ўзбекистонда «Разведка рейди» мусобақасининг якуний босқичи бошланди

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари разведка бўлинмалари ўртасидаги «Разведка рейди» мусобақаси якуний босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда округ ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларидан жами 11та жамоа иштирок этмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди. 

Бугунги кунда миллий армиямизнинг нуфузи тобора ортиб боряпти. Хусусан, ҳарбий хизматчиларимиз қатор давлатларнинг армиялари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ўқув машғулотларида, шунингдек, халқаро ҳарбий мусобақаларда нималарга қодир эканлигини амалда исботламоқда.

Айниқса, разведкачиларимиз 2018 йили Буюк Британияда 133та жамоа иштирок этган «Кембрия патрули» мусобақасида 1-ўрин, жорий йилда халқаро армия ўйинларида 8та жамоа ўртасида 2-ўрин, яқинда Қозоғистонда ўтказилган «Олтин укки» мусобақасида эса фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

Таъкидлаш керакки, мазкур мусобақа уч босқичда ўтказилди. Дастлаб, ҳарбий қисм, сўнгра округ миқёсида ғолиб бўлган жамоалар якуний босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Якуний босқичда эса улар 10та шарт бўйича ўзаро беллашадилар.

Шу куни жамоалар илк шартларни бажаришга киришди. Дастлаб ҳарбий хизматчилар 7,5 километрлик масофага оғирлиги 35 килограммга яқин бўлган юк қопи билан марш юришди. Машғулот шартига кўра, ҳар бир жамоа юқори қўмондонликдан берилган махсус вазифаларга асосан шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва қарор ишлаб чиқиш вазифаларини бажаришди. Шунингдек, марш юриш давомида миналаштирилган йўлаклардан беталофат ўтиш, жангда яраланган ҳарбий хизматчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни бир ярим километр масофага эвакуация қилиш синовларидан ўтди.

Шундан сўнг уч километр узоқликдаги жойлашув ҳудудига етиб бориш, у ерда қўриқлов ўрнатиш ва гуруҳ шахсий таркибига вақтинчалик яшаш жойини ҳозирлаш, дала шароитидан келиб чиққан ҳолда, зарур шароитлар яратиш сингари шартларни бажаришди.

Жамоаларнинг ҳар бир ҳаракати Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан тайинланган ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди. Олдинда ҳали иштирокчилар белгиланган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, шартли душманнинг объектини яксон қилиш, сувли тўсиқлардан ўтиш, азимут бўйича ўн километр масофага ҳаракатланиш, 3 километр масофага югуриш, кимёвий зарарланган ҳудудлардан ҳимояланиш, руҳий йўлаклар тўсиғидан ўтиш ва мутахассислик бўйича қатор меъёрларни бажарадилар.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа жорий йилнинг 28 сентябригача давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг