Ўзбекистонда тамаки ва спиртли ичимликлар сотишда ёшга доир тақиқ кучайтирилмоқда
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 36-ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири маъқулланди.
Қонун қуйи палата томонидан 25 октябрь куни қабул қилинган.
Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек, тамаки ва никотинни истеъмол қилиш учун воситаларини 21 ёшга тўлмаган шахсларга сотишни тақиқлайди.
Ушбу маҳсулотларни сотувчининг бевосита иштирокисиз, шу жумладан савдо автоматлари ва бошқа электрон ёки механик қурилмалар орқали, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жавонларидан ҳамда электрон тижорат кўринишида сотиш (бундан кўпикланадиган ва табиий винолар мустасно), шу жумладан, ҳар қандай усул билан етказиб бериш тақиқланади.
Ушбу маҳсулотларни кўчма ва сайёр савдо йўли билан (қўл, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида), кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда ва болалар товарларини сотиш учун мўлжалланган биноларда сотиш тақиқланади.
Шунингдек, болалар ўйинчоқлари, ширинликлари ёки бошқа болалар маҳсулотларига тақлид қилувчи бундай маҳсулотларни сотиш ҳам тақиқланган.
Алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ҳамда тамаки ва никотиндан фойдаланишга мўлжалланган воситаларини соғлиқни сақлаш ташкилотлари, таълим муассасалари, маданият муассасалари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, санаторийлар ва тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудида сотиш мумкин эмас.
Ҳужжат президент томонидан имзоланиши керак. Шундан сўнг у уч ой муддатда, тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотин истеъмол қилиш воситаларига қўйиладиган қадоқлаш ва маркалаш талаблари тўғрисидаги қоидалар эса бир йил ичида кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter