Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқаришни таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда

Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқаришни таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда

1 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда ҳамда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида «Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак» лойиҳасини амалга ошириш бўйича семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси техник ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Семинар давомида лойиҳанинг мақсад ва вазифалари тақдим этилди. Иштирокчилар лойиҳанинг кўлами, концепцияси ва кутилаётган натижалар билан таништирилди.

«Ўзбекистонда илк бор хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқаришга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда тегишли қонунчилик тамойилларини амалга ошириш, умуман олганда, келажакда хавфли кимёвий моддалардан тўғри фойдаланиш мақсад қилинган, — деди Экология вазири Азиз Абдуҳакимов. — Маълумки, собиқ иттифоқ даврида юртимизда пахта етиштириш давомида жуда хавфли пестицидлар ишлатилган. 450 дан ортиқ кичик-кичик аэропортлар бўлган ва жуда катта миқдорда хавфли моддалар йиғилиб қолган. Бундан ташқари, айрим корхоналарда ҳам кимёвий моддалар мавжуд. Лойиҳада ана шу зарарли моддаларни сув ва тупроқ таркибидан ажратиб олиб, уларни қайта ишлаш технологияларини жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда».

Маълумот учун, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича 6-Ассамблеясида (UNEA-6) 11-резолюция қабул қилинган бўлиб, унда қишлоқ хўжалигида ўта хавфли пестицидларни муомаладан чиқариш ва муқобилларга ўтишни рағбатлантириш ҳамда уларнинг мавжудлигини таъминлаш учун самарали чоралар кўришга эътибор қаратилган.

Агроэкологик амалиётни такомиллаштириш ва уларни интеграциялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси», «Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси», «Органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинди.

«Ўзбекистон ҳукумати ва ФАО билан ҳамкорлигимиз эскирган чиқиндиларни тозалаш, чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш ва пестицидлар чиқиндиларини ишлаб чиқаришни қисқартириш орқали атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича жамоавий мажбурият намунасидир. Биз ҳамкорликда кимёвий чиқиндиларни бошқаришдан ҳам кўпроқ ишларни амалга оширамиз. Зараркунандаларга қарши комплекс кураш, саломатлик ва экологик хавфлардан хабардорлик соғлом, экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан фойдали қишлоқ хўжалиги сектори кафолатидир», — деди Вим Риепма.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда эскирган ёки тақиқланган пестицидлар захиралари ва заҳарли кимёвий моддалар сақланадиган идишлар кўмилган 8 та объектда консервация ишлари олиб борилди, яна 2 та объектда консервация ишлари бошланди ва битта объектда реконструкция ишлари олиб борилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг